Самарқандда қолган хорижлик талабалар ва ўқитувчилар қандай яшаяпти?
Ўқув бинолари, кутубхона ва ётоқхоналар бир неча маротаба дезинфекция қилинди.
Шу кунларда Самарқанд давлат университетининг 18 мингдан ортиқ талаба-ёшлари ҳам масофадан туриб, онлайн сабоқ олмоқда. Ўқув бинолари, кутубхона ва ётоқхоналар бир неча маротаба дезинфекция қилинди.
Фақатгина, университетнинг халқаро ётоқхонасида хорижлик профессор-ўқитувчи ва талабалар истиқомат қилмоқда, деб хабар бермоқда университет ахборот хизмати. Шу ерда қолганлар орасида Афғонистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Россия ва испаниялик талаба-ёшлар, мутахассислар бор.

– Бутун дунёни саросимага солган ушбу таҳликали кунларни Ўзбекистонда ўтказяпмиз, – дейди ҳиндистонлик талаба Муҳаммад Абдулло Кройпок. – Юртимиздан, яқинларимиздан хавотирдамиз, лекин начора, вирусни юқтирмаслик учун уйда қолиш сўралмоқда. Бунга амал қиляпмиз. Университет раҳбарияти ғамхўрлик кўрсатиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа масалаларда ёрдам беряпти, жуда миннатдормиз!
– Бугунги вазиятда давлат томонидан қандай зарур чоралар кўрилиши керак бўлса, Ўзбекистон ҳукумати бу ишни бажармоқда, – дейди Испаниядан келиб Самарқанд университетида фаолият олиб бораётган профессор Мириам Фориант. – Президент бир неча марта халққа мурожаат қилди. Фуқаролар, тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар, умуман, жамиятнинг барча аъзоси давлат эътиборида. Биз каби хориж фуқароларига ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Энди ҳамма гап кўрилаётган чоралар амалий натижасига, қоидаларнинг ижросига боғлиқ. Коронавирусни тез орада ўзбек халқи билан бирга енгамиз.

Синовли кунларда университет раҳбарияти хорижлик талабалар ва профессор-ўқитувчиларга карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бермоқда, шу ернинг ўзида тиббий хизмат ташкил этилган. Бино тез-тез дезинфекция қилинмоқда. Ўз навбатида хорижлик мутахассислар онлайн машғулотларни ташкил этишда фаол қатнашмоқда.
