Самарқандда аҳоли мурожаатлари қандай ҳал этилмоқда?
Нарпай тумани Самарқанд вилояти марказидан 100 километр олисда жойлашган.
Нарпай тумани Самарқанд вилояти марказидан 100 километр олисда жойлашган. Тумандаги "Хўжакорзон" маҳалласи Найман қишлоғи аҳолиси ана шундай учрашувларнинг бирида Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарларига кўп йиллардан буён ҳал этилмаётган тоза ичимлик суви масаласида мурожаат қилди.
– Бу бизнинг бир умрлик орзу-армонимиз эди, – дейди шу қишлоқда яшовчи Сайёра Ортиқова. – Шу пайтгача 2-3 километр масофадан сув ташиб келиб ичардик. Кўп жойларга мурожаат қилсак-да, масаламиз ҳал бўлмагач, қишлоғимизга сув келишидан умидимизни узган эдик.
Мазкур масала мутасаддилар томонидан қисқа фурсатда ўрганиб чиқилиб, қишлоққа Дамхўжа сув тармоғидан 1,7 километр ичимлик суви қувури тортилди ва аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилди.
Ургут туманининг "Аълохотин" маҳалласи туман марказидан атиги 4-5 километр масофада, катта йўл ёқасида жойлашган. Аҳолиси ҳам анча кўп. Бундоқ ўйлаб қаралса, маҳаллада ҳеч қандай муаммо йўқдек.
Афсуски, марказга яқин ана шу қишлоқда ҳам йигирма йилдан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳал этилмаётган экан. Муаммо ҳам жуда катта эмас, бир пайтлар қурилган ва кейинчалик фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган артезиан қудуғини таъмирлаш зарурати бор эди. Шу муаммо элликдан ортиқ хонадоннинг йиллар давомида тоза ичимлик сувини бошқа жойдан ташиб келишига сабаб бўлаётган эди.
– Сектор раҳбарлари ва Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган сайёр қабулда шу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўрадим, – дейди шу маҳаллада яшовчи Аҳмад Жўраев. – Шу ернинг ўзида мутасаддиларга топшириқ берилди. Натижада маҳалламиздаги 35-мактаб ҳовлисида жойлашган сув иншооти таъмирланиб, 1,3 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди. 50 та хонадонга тоза ичимлик суви етказиб берилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ургут туманида яшаётган 659 минг аҳолининг 62 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. 2019 йилда 21 сув объектида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 38 километр сув тармоқлари тортилди. Бу ишларга қарийб 7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Шу туманнинг "Нисбот" маҳалласидаги 482 хонадонда 3400 аҳоли истиқомат қилади. "Нисбот"ликларни кўп йилдан буён ички йўлларнинг таъмирталаблиги, қишда лой, ёзда чанг-тўзонга айланиши ташвишлантирарди. Туман марказига чиқиш учун ушбу йўллардан юриш ҳайдовчиларнинг ҳам, йўловчиларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Йиллар давомида тегишли идораларга қилинган бу борадаги мурожаатлар эса ваъда беришдан нарига ўтмади.
Халқ қабулхонаси ва иккинчи сектор раҳбарларининг "Нисбот" маҳалласида аҳоли билан ўтказган мулоқоти давомида маҳалла раиси Зайниддин Суюновнинг аҳоли номидан қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. 583 миллион сўм маблағ сарфланиб, 1,8 километр ички йўлга асфальт ётқизилди.

Хусусан, яна бир ҳудуд – Нарпай туманининг "Сарбозор" маҳалласида яшовчи Турғун Исматов ана шундай учрашувларнинг бирида аҳолининг, айниқса ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни китоб мутолаасига қизиқтириш мақсадида маҳалла ҳудудида замонавий кутубхона қуриб беришларини сўради.
Унинг мурожаати инобатга олиниб, маҳаллада 1 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий ахборот-ресурс маркази бунёд этилди. Янги зиё маскани 10 мингга яқин китоб, жумладан, 300 га яқин электрон адабиётлар билан таъминланди, wi-fi тармоғи яратилди.