Саломатлик ва шифобахш табиат инъоми
Фарғона вилояти Учкўприк туманида фаолият олиб бораётган “Меҳригиё” кичик корхонасини бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам кўпчилик билади. Турли хил цитрус мевалар, резавор ўсимликлар, доривор гиёҳлар етиштирилаётган мазкур масканда 2021 йил илк бор лаванда фестивали ўтказилиб, унда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, узоқ-яқин давлатлардан минглаб сайёҳлар иштирок этган эди.
Ўзбекистондаги туристик объектлар рўйхатига киритилган “Меҳригиё” да экологик тоза дори-дармонлар тури кўпайтирилмоқда. Корхона қошида “Доктор Али” саломатлик маркази, фитобар, доривор маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган. Бу ердаги лаванда, розмарин, киви, папайя, зайтун экин майдонлари, турфа хил гуллар, шифобахш ва витаминларга бой ўсимликлар ташриф буюрувчиларни ўзига ром этади.

– Фарғонадаги сиҳатгоҳлар, дам олиш зоналарига ҳар йили бир келиб кетаман. Энди бу рўйхатга “Меҳригиё” ҳам қўшилди, – дейди хоразмлик меҳмон Хўжамурод Собиров. – Оила аъзоларимиз билан лаванда фестивалига келдик. Она табиатимизнинг ноёб инъомларидан баҳраманд бўляпмиз. Бу ердаги ажиб ифор киши баҳри дилини очади.

Фестивалга келганларга доривор гиёҳлардан тайёрланган чой, сироп ва асал, ўзига хос таъмли музқаймоқ таклиф этилмоқда. Ажабтовур табиат фонида суратга тушиш имконияти яратилмоқда. Шифобахш дамламаларнинг қатор касалликларга даво бўлаётгани эса диққатга сазовор.

– Лавандазордан таралаётган хушбўй ҳиднинг ўзи шифобахш. Мутахассислар билан суҳбатлашиб, инфекцияларга қарши, яра ва куйишга малҳам бўлувчи, инфаркт ва инсультнинг олдини олувчи дамламалар, ичимликлардан татиб кўряпмиз, доривор мойлардан харид қилдик, – дейди Қўқон давлат педагогика институти талабаси Камола Юлдашева. – Билишимча, бундай маскан Марказий Осиёда ягона. Хорижликларнинг ҳам ташриф буюраётгани фахр бағишлайди. Корхонанинг техник-технологи Борис Бординнинг айтишича, водийдаги иқлими мос тушувчи ҳудудда яна 200 гектар лавандазор барпо қилиш ишлари бошлаб юборилган. “Меҳригиё” маҳсулотларининг Европа давлатларида, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда ҳам ўз харидорлари бор.


10 июндан бошланган лаванда фестивалида саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, тиббиёт туризми ва мутахассислар кўриги, концерт ва шоу дастурлар ўтказилмоқда. Тадбир юртдошларимиз учун саломатликни тиклаш гарови сифатида қадрли бўлиб қолади, унутилмас хотираларни тақдим этади.
М.Сулаймонов,
ЎзА