“Саломатлик учун беш минг қадам” акцияси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов ва Шуманай туманларида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида “Саломатлик учун беш минг қадам” акцияси ташкил этилди.
Мазкур Бўзатов тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бўзатов тумани бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда давлат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишди.

“Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган тадбир давомида иштирокчилар белгиланган йўналиш бўйлаб пиёда юриб, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, мунтазам жисмоний фаолликнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири ҳақида фикр алмашишди. Акция барчада соғлом ҳаёт кечиришга бўлган қизиқишни янада оширишди.

Шуманай туманида ташкил этилган акция иштирокчилари дастлаб белгиланган йўналиш бўйлаб беш минг қадам пиёда юрди. Шундан сўнг, эрталабки бадантарбия машқлари бажарилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари А.Бекмуратов бошчилик қилган тадбирда таъкидланганидек, мунтазам пиёда юриш ва жисмоний машқлар билан шуғулланиш инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигини мустаҳкамлайди. Бундай тадбирлар аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу каби акциялар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири