Салоҳиятли ёшлар давлатимизнинг келажагидир
Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг Навоий вилоят филиали томонидан иқтидорли ва истиқболли ёшларни излаб топиш ва танлаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиб келмоқда. Шунингдек, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ҳамда уларни давлат хизматига жалб этиш борасида ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда жамғарма очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни бошқарма, идора ва ташкилотлар ходимларига, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган амалий-услубий семинарлар, учрашув ва мулоқот соатлари ўтказиб борилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилояти бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 13 нафар стипендиатлари АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Хитой, Россия федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Жамғарманинг таълим дастурларини тамомлаган 9 нафар малакали мутахассислар эса бугун турли вазирлик ва идоралар, олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларида самарали фаолият юритмоқда.

Жорий йилда ҳам Навоий вилоятидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ҳамда докторантурада таълим олиш учун эълон қилинган танловида кўпчилик ёшлар иштирок этди.
– Танловга номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ҳамда электрон тарзда бўлиб ўтди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг Навоий вилоят филиали бош инспектори Аброр Латипов. – Саралаш танлови жараёнларини ўтказиш, жумладан, номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган қўшимча тест синовлари ўтказилди. Назарий билим ва амалий кўникмалари даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбатлар бўлиб ўтди. Айни дамда танловнинг якуний натижалари эълон қилиниши кутилмоқда,
Суннатилло Муртазаев “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ “Корпоратив муносабатлар” бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. У Америка Қўшма Штатларининг Жанубий Калифорния Университети магистратурасини “Халқаро бизнес ва иқтисодий ҳуқуқ” йўналишида тамомлаган.
Ўтган йил 18 сентябрь куни Давлатимиз раҳбари АҚШга амалий ташриф доирасида Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашган эди. С.Муртазаев ҳам ушбу учрашувда Юртбошимиз билан мулоқотда бўлган эди.
– Очиқ ва жонли мулоқот шаклида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида сўзлаб берди, мамлакатимиз модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият борлигига эътибор қаратди ва қатор ташаббусларни илгари сурди, – дейди Суннатилло Муртазаев. – Биз ҳам қаратилаётган катта эътибор учун юртбошимизга самимий миннатдорлик билдириб, Янги Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканлигимизни билдирган эдик. Бугунги кунда АҚШда магистратурани тамомлаб, комбинатда бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқдаман.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, илм-фан соҳасини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар мамлакатни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Акбаржон Нормуродов ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармасининг докторантура дастурида иштирок этган ва Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат Техника Университетида таълим олган. Ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг “Муҳандислик механикаси” кафедрасида ишлаб келмоқда.
– Жамғарма томонидан биз каби стипендиатларнинг барча харажатлари, жумладан, виза олиш, хорижда яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари, зарур ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш, мақола чоп этиш, илмий мақолалар кўчириб олиш, мақолалар ва илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш, тиббий суғурта каби харажатлар тўлаб берилди, – дейди А.Нормуродов. – Бугун Янги технологиялар даври, яъни “Тўртинчи саноат инқилоби”ни бошимиздан кечиряпмиз, бу эса замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларга эҳтиёжни тубдан оширади. Бу даврда иш берувчиларнинг талаби олий таълим муассасаларининг асосий тамойили бўлиши керак. Шу нуқтаи назарда, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш ва малакасини ошириш эса юртимизнинг ҳар томонлама жадал ривожланиши учун ниҳоятда зарур. Албатта, ҳеч қайси давлат ўз-ўзидан буюк бўлиб қолмайди. Ҳар бир давлат эса истеъдодли ва салоҳиятли ёшлари билан қудратлидир
А.Бўриев, ЎзА мухбири