Салоҳиятли кадрлар тайёрлаш муҳим вазифа
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилар экан, аҳоли мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилиш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюракратия, коррупцияни йўқ қилишни кутаётганини таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, ёшларни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш бугунги глобаллашув даврида жуда муҳим масаладир. Олий таълим тизимида коррупцияга батамом барҳам бериш, халқаро стандарт талабларига мос кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини янада оширишга эътибор қаратилмоқда.

– 2022 йил Навоий давлат педагогика институти жамоаси учун улкан зафарлар ва кенг кўламли ютуқларга бой бўлди, – дейди институт Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов. – Жумладан, Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти – Times Higher Education агентлигининг рейтинг натижаларига кўра ТОП-1000 га кириш учун давогар институтлар қаторидан жой олдик. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 34 та дарслик, 82 та ўқув қўлланма, 36 та монография, юздан ортиқ услубий қўлланмалар нашр этилди. 3 та фан доктори (DSc) ва 41 та фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди. Ўқитувчиларимиздан 2 нафари профессор ва 20 нафари доцент илмий унвонини олди. Шунингдек, талабаларимиздан бир нафари Президент гранти соҳиби, бир нафари Президент стипендияси ғолиби, бир нафари Ислом Каримов стипендияси, саккиз нафари Алишер Навоий номли, бир нафари Саримсоқов номли стипендиялар ғолиби бўлди.
Мазкур институтда 11 та факультет, 4 та марказ, 22 та бўлим, 26 та кафедра фаолият олиб боради. Кундузги бакалавриат таълим шаклида 28 та, сиртқи таълим шаклида 14 та, кечки таълим шаклида 9 та ва магистратурада 19 та таълим йўналиши мавжуд.

– Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида “5 муҳим ташаббус” тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 9000 нафардан ортиқ талабалар қамбар олинган, – дейди Х.Қурбонов. – “Беш муҳим ташаббус” олимпиадасининг шахмат мусобақаси республика босқичида 2 нафар талабамиз ғолиб бўлди. “Заковат” интеллектуал ўйини, “Қувноқлар ва Зукколар” кўрик-танловлари ҳамда спорт мусобақалари бўйича “Ректор кубоги” лойиҳаси ташкил этилди. Ижарада яшаётган талабаларнинг 3845 нафарига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 199,5 миллион сўм тўлаб берилди. Шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган 313 нафар талабага 214 миллион 403,5 минг сўм мукофот пуллари, 152 нафар талабага 116 миллион 577,6 минг сўм, чин етим талабаларга 127,2 миллион сўм моддий ёрдам, “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар 1-курс талабасига 19 миллион 238 минг сўмлик шартнома пуллари, ногиронлиги бўлган 206 нафар талабага 560 миллион 709 минг сўм маблағ ажратилди. Институтда 2023 йилда амалга ошириладиган режалар белгиланган. Жумладан, магистратуранинг иқтидорли битирувчиларини танлаш ва педагогик фаолиятга битирувчилардан 70 нафарини жалб қилиш орқали институтнинг профессор-ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжини қоплаш ва таркибини ёшартириш, фундаментал ва гуманитар фанлар соҳасида юқори малакали ўқитувчи ва илмий кадрларни замонавий талаблар даражасида тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро илмий-техник маълумотлар базаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот натижалари нашр этилиши учун шароитлар яратиш, илмий педагогик кадрларни хорижда малакасини ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва РhD дастурлари бўйича ўқитиш орқали халқаро илм-фан ютуқларини институтда янада кенгроқ жорий қилиш, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳам муҳим вазифаларимиздан саналади.

Ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш амалиёти жорий этилган. Шу билан бирга таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳам институт жамоаси олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Абдували Бўриев, ЎзА