Салим Ашурдан янги китоб: “Буюк – 75”
“Pravo-press” нашриёти шоир Салим Ашурнинг “Буюк – 75” номли шеърий китобини чоп этди.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан нашр этилган ушбу китоб урушда ҳалок бўлган, бедарак йўқолган, яраланган, фронт ортида ғалабага ҳисса қўшган барча инсонларга бағишланади.
Китобга “1991 йил балладаси”, “Оталар ва болалар: 1941-1945”, “Ярадор ҳандаклар”, “Уруш овози”, “Ёрилтош”, “1941 йил олмаси”, “Хотира хиёбони” шеърлари киритилган. Тўпламга киритилган ҳар бир шеър урушнинг башариятга қолдирган совуқ хотираларини ёдга солади. Киши ҳаёлларини шукроналик томон элтади.
Буюк - 75
41 йилда отилган сен ўқ,
отамнинг қабрида зангладингми ё?
Менку сендан ҳали қутулганим йўқ,
Сендан қутилмади жафокаш дунё.
Сен боис оғрийди то ҳануз Ватан,
оқ, қора хабарлар келар пешма-пеш.
Ҳаётни мўлжаллаб учсанг дафатан
Йўлингни тўсгайдир Буюк-75!
Тарихга айланган мангу ёзувлар,
чалажон жангчидек кўтарар фарёд.
Қизил ўлкалардан келган оқ сувлар
Билан келажакни боқади ҳаёт.
41 йилда 41-ўқ,
Хотирадан кечган кўр кўзларни теш.
Сенга йўл, кўча йўқ, сенга исм йўқ.
Ҳаётга қалқондир Буюк -75