Салим Абдувалиевнинг натижаси такрорланадими?
Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида эркин ва юнон-рум курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Бундан икки кун муқаддам юнон-рум кураши усталари мусобақаларни якунлаган бўлса, кеча 23 декабрь куни эркин кураш бўйича чемпионат дастуридаги 5 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

57 килограмм вазн тоифасида олимпия ўйинлари иштирокчиси, хоразмлик Ғуломжон Абдуллаев, 65 килограмда навоийлик Аббос Раҳмонов, 70 килограмм вазнда Андижон вилояти полвони Бегижон Қўлдошев, 79 кило оғирликда Жасурбек Усмонохунов, 97 килограмм вазн тоифасида кутилганидек тошкентлик Муҳаммадрасул Раҳимов Ўзбекистон чемпиони мақомига кўтарилишди.
Бугун, 24 декабрда чемпионатнинг сўнгги кунида 61, 74, 86, 92 ва 125 килогамм вазн тоифаларида мамлакат чемпионлари маълум бўлади.
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизматининг хабарига кўра, бугунги беллашувларда Токио олимпиадасининг бронза медали соҳиби Бекзод Абдураҳмонов гиламга чиқади.
Чемпионат баҳсларининг яна бир қизиқарли томони, унда учта олимпиада ўйинлари иштирокчиси, Осиё ўйинлари ғолиби Мўминжон Абдуллаев эркин кураш баҳсларида ҳам ўз омадини синаб кўради.

У икки кун аввал юнон-рум курашининг 130 килограмм вазн тоифасида чемпионатнинг олтин медалини қўлга киритган эди.
Агар у бугунги мусобақаларда ҳам қатнашиб, 125 килограмм вазнда ҳам ғолиб чиқса, эркин ва юнон-рум курашида Ўзбекистон чемпиони бўлган иккинчи курашчига айланади. Ҳозиргача мазкур натижага эришган ягона спортчи Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг амалдаги раҳбари Салим Абдувалиев ҳисобланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА