Саид Аҳмад ижодига бағишланди
Мазкур анжуманнинг Анқара университети билан ҳамкорликда ташкил этилгани бежиз эмас.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Zoom дастури орқали онлайн видеоконференция бўлиб ўтди.
Туркия давлати Анкара университетининг мутахассис ва олимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёзувчи Саид Аҳмад ҳаёти ва ижоди, асарлари таҳлили ҳамда уларнинг хорижий тилларга таржима қилиниши, ўрганилиши юзасидан илмий маърузалар, муҳокамалар бўлиб ўтди. Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, талабалари билан бир қаторда Анкара университети талаба ва магистрантлари Irem Bostan, Safiye Kirlanlaniç, Musa Can Kahraman иштирок этиб, ёзувчининг ижоди ҳақида, шунингдек, конференциянинг аҳамияти хусусида муносабатларини билдиришди.


Мазкур анжуманнинг Анқара университети билан ҳамкорликда ташкил этилгани бежиз эмас. Чунки, бир қатор қардош халқлар сингари Туркияда ҳам ўзбек адабиётининг буюк намояндаси, атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад асарлари севиб ўқилади. Яқинда ёзувчининг сара ҳикоялари “Özbek Edebiyatiʼnin Seçme Eserleri. Said Ahmed. Hikâyeler” деган ном билан турк тилида нашр этилди.
Тадбир якунида Нукус давлат педагогика институти ҳамда Анқара университети ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ҳамда маънавий-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик дастурларини янада ривожлантириш борасида келишиб олинди.