Садриддин Айний уй-музейидан фоторепортаж
Мозийга қайтиб...
Садриддин Айний – замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг асосчиларидан бири, маърифатпарвар адиб сифатида халқимиз қалбидан жой олган. Унинг бой илмий-ижодий меросини асраш ва келажак авлодга етказиш мақсадида 1978 йили, адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Соктари маҳалласида уй-музей ташкил этилган.
Музей мажмуаси адибнинг болалик йиллари ўтган хонадон ҳамда унга туташ қадимий масжид биносини ўз ичига олади. Ҳудудда адиб хотирасини абадийлаштирувчи бюст ўрнатилган. Бу ерга ташриф буюрганлар XX аср бошларидаги Бухоро муҳитини, илм ва маърифат йўлидаги машаққатли изланишлар руҳини яққол ҳис этади. Музей фонди адибнинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи бебаҳо манбаларга бой. Бу ерда унинг қўлёзмалари, турли тилларда нашр этилган китоблари, газета ва журналлар саҳифаларида чоп этилган мақолалари сақланмоқда. Айниқса, “Эсдаликлар”, “Дохунда”, “Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими” каби асарларининг яратилиш тарихи ҳақидаги маълумотлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади. Шунингдек, адибнинг Мир Араб ҳамда Кўкалдош мадрасаларида таҳсил олган йилларига оид материаллар ҳам намойишга қўйилган.
[gallery-28346]
Бугунги кунда музей нафақат тарихий ёдгорлик, балки илмий-маърифий марказ сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлари музей имкониятларидан таълим жараёнида самарали фойдаланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларни намунавий ҳудудга айлантиришга қаратилган қарорлари ижроси доирасида Соктари маҳалласи намунавий ҳудуд сифатида белгилангани музейнинг туризм салоҳиятини янада ошириш имконини беради. Шу мақсадда музей фаолиятини ривожлантириш, аниқ “йўл хариталари” ишлаб чиқиш, уй-меҳмонхоналар ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Садриддин Айний уй-музейи бу – шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки илм-маърифат, ватанпарварлик ва юксак инсоний фазилатлар тарғиботи учун муҳим маънавий маскан ҳисобланади. Адиб меросини асраш ва тарғиб қилиш орқали музей ўтмиш ва келажак ўртасидаги мустаҳкам маънавий кўприк вазифасини бажармоқда.
Камола Юсупова,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА