“Садаф сут” кооперация ташкил қилди (+видео)
Фарғона вилоятидаги савдо дўконлари Қўқон эркин иқтисодий зонасида фаолият юритадиган “Садаф сут” оилавий корхонаси маҳсулотларига аввалдан ҳақини тўлаб навбатда турадилар. Бунинг асосий сабаби унинг маҳсулоти сифатлилиги, арзонлиги ва харидоргирлигида.
“Садаф сут” гарчи оилавий корхона тарзида фаолият бошлаган бўлсада, бугунга келиб вилоятнинг йирик ва муттасил бир маромда ишлаётган корхоналаридан бирига айланди.

– 2025 йилда “Садаф сут” оилавий корхонасида 11 минг тонна сут қайта ишланди, –дейди корхона асосчиси Саййидқосимхон Қорабоев. – Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари аҳолисига табиий сутдан сифатли маҳсулот етказиб беряпмиз. Хитой, Туркия, Германиядан ускуналар олиб келганмиз. Ҳозирги кунда 38 хил маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз.

Бизга 2025 йил жуда омадли келди. Иккинчи заводимизни очдик. Натижада 200 нафар ишчимиз 300 нафарга етди. Заводни тўлиқ қувват билан ишлатсак, 600 та ишчи ўрнига эришамиз. Бу 2026 йилга мўлжалланган режамиздир.

Корхона раҳбари Саййидқосимхон Қорабоев камтарлик билан айтаётган рақамлар ортида албатта узоқ йиллик фидойи меҳнат турибди. Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган шароит, солиқ ва бошқа имтиёзларни қадрлаб, улардан самарали фойдаланиб ва ривожлантириш учун ҳам аввало иқтисодий билим, шижоат ҳамда ватанпарварлик керак. Саййидқосимхон ғайрат ва эзгу ният билан киришган эди бу ишга. Мана энди, Европа ва Осиёнинг сутни қайта ишлаш замонавий технологик линияларида салкам 40 турдаги сут маҳсулотларини юқори сифат белгиси билан ишлаб чиқаришга эришди. Келинг, корхона савдо айланмаси ва даромадини ҳисобламайлик. Барчасини бир рақам билдириб туради: “Садаф сут” оилавий корхонаси бир кунда 300 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқармоқда.

Хўш, корхона асосий хомашё – сутни қаердан олади? Албатта, аҳоли ва чорвачилик фермерларидан, дейишингиз тайин. Аммо “Садаф сут” янгича усулни ташкил этди, яъни аҳоли билан кооперация тузди.

– Биз илгари сутни аҳоли ва фермерлардан тарқоқ ҳолда олар эдик. 2025 йилда Учкўприк туманидаги “Қораянтоқ” МФЙда юзта хонадон билан кооперация усулида ишлашга ўтдик. Уларга мол олиб бердик. Шарт битта: сутни бизга топширишади, – деди Саййидқосимхон.

Шундай қилиб, “Садаф сут” хозирча биргина Учкўприкдаги “Қораянтоқ” МФЙда 100 та қўшимча иш ўрни яратди. Аниқроғи, 100 нафар киши ўз-ўзини банд қилди. Бундан икки томон ҳам ютди. Хонадонда бир киши иш билан банд, қолаверса, ҳар куни тайинли даромади бор. Йил ўтмай бузоқли ҳам бўлади.

Бу ташаббусни Фарғона вилояти ҳокимлиги маъқуллади.
– Синов ўз самарасини берди. 2026 йилда энди ўнта маҳалланинг ҳар бирига юзтадан, жами 1000 та сигир бериб уларни иш билан таъминлаймиз. Шунда кооперациянинг ўзи ҳар куни 10 тонна сут беради корхонага.
Яқин кунларда банкага қатиқ ивитиб, долларда миллионер бўлган ёш замондошимиз ҳақидаги видеоҳикоя билан танишасиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5jg9S8bZ1Ok" title="“Sadaf sut” kooperatsiya tashkil qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА