Сабзининг нархи нега мавсумий қимматлайди?
Ўзбекистонда сабзи етиштириш ҳажми ошса-да, нархлар мавсумий кўтарилади. Бу муаммонинг илдизи қаерда ва олимлар уни қандай ҳал қилмоқчи?
Ўзбекистонда ўртаки сабзи етиштириш ҳажми ва умумий тармоқ бўйича сўнгги йилларда катта ўсиш кузатилмоқда. Бироқ, ҳамон ушбу маҳсулот нархининг мавсумий кўтарилиши кузатилади. Бунинг асосий омиллари ва соҳа сирлари хусусида ёш илмий тадқиқотчи, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти докторанти Миржалол Режабов билан суҳбатлашдик.
–Айтинг-чи, сиз олиб бораётган тадқиқотлар келгусида сабзи нархининг тушишига сабаб бўлиши мумкинми?
–Бу ерда сабзи уруғларини танлаб олиш бўйича тадқиқотлар олиб боряпмиз. Ўзбекистоннинг маҳаллий навларидан 7 та ва хориждан келтирилган жами 32 нав устида илмий изланишлар олиб боряпмиз. Сабзиларнинг Осиё ва Европа турлари кўп учрайди. Даламизда “Зийнатли”, “Мирзойи сариқ”, “Мирзойи қизил” каби маҳаллий навлар экилган. Ундан ташқари, Россия, Вьетнам, Корея, Хитой, Франция каби давлатлардан келтирилган сабзилар бўйича ҳам илмий тадқиқотлар олиб бормоқдамиз.
–Хориждан келтирилган сабзиларнинг агротехникаси қандай ташкил этилади?
–Ҳозирги кунда даламизда сариқ, қизил сабзилар билан бир қаторда қора, бинафша оқ рангли сабзилар бўйича ҳам илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда буларнинг уруғчилигини кенг ташкил этиш режалари бор. Агарда бугун 70 см эгатга экилаётган бўлса, биз шуни 90 см эгатга экишни синовдан ўтказяпмиз. 4 ва 5 қаторли сочма усулда экиб, қайсидан юқори ҳосил олиш мумкинлигини таҳлил қиляпмиз.
–Сабзининг нархи нега мавсумий қимматлайди?
–Ўзбекистон шароитида сабзи уч муддатда экиб келинади. Эртакиси - баҳорда, ўртакиси - май, июнь ойларида, такрорийси - октябрь, ноябрь ойларида пишиб етилади. Июль, август, сентябрь ойларида сабзининг таннархи ошиб кетади. Бунга асосий сабаб баҳорги сабзиларни сақлаш таннархининг юқорилиги ва такрорий экилган сабзиларнинг пишмагани. Шунинг учун ўрта муддатда сабзиларни кенг майдонларда етиштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боряпмиз.
Таҳлилларга кўра, юртимизда сабзининг йиллик етиштириш ҳажми 3,6 миллион тонна атрофида ва бизнинг мамлакат жаҳонда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Мамлакатда сабзи асосан учта муддатда баҳорги эртаки, ёзги ўртаки ва кузги тўқсонбости экин сифатида экилади.
Ғалладан бўшаган майдонларнинг ўзигагина (июнь-август ойларида ўртаки ва кечки ҳосил учун) 40.5 минг гектардан ортиқ ер ажратилади. Айнан шу даврда экиладиган ўртаки сабзи кузги ҳосилни таъминлайди ва қиш ҳамда баҳор мавсуми учун асосий захира вазифасини ўтайди.
Сабзи етиштиришда республика бўйича Фарғона, Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятлари етакчилик қилади. Ички бозор эҳтиёжи йиллик қарийб 700-800 минг тоннани ташкил этади. Йилига ўртача 60–70 минг тоннадан ортиқ сабзи янги узилган, қуритилган ёки қайта ишланган шаклда хорижга экспорт қилинади.
Албатта, бу борада чуқур илмий тадқиқотлар, таҳлиллар олиб борилиши ва зарур хулосалар қилиш, ўртаки муддатда экиладиган сабзи ҳажмини ошириш бугунги кун талабидир. Олимларимизнинг саъй-ҳаракатлари ушбу муаммога ечим бўлса, ажабмас.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА