
Ўзбекистоннинг фахри, икки карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг иккита олтин медали соҳиби Баҳодир Жалоловнинг орқасида – қалби сабр, матонат ва меҳрга тўла она бор.
Айни пайтда Баҳодир Жалолов номидаги бокс спорт маҳорати мактабида психолог бўлиб фаолият юритаётган Сабоҳат Жалолова билан суҳбатимиз, спортчининг ортида турган асл куч – оиланинг, айниқса, онанинг ҳиссаси ҳақида бўлди.
– Мактабимизда айни пайтда 160 нафардан ортиқ ўғил-қиз спорт билан шуғулланади. Биз уларни нафақат жисмонан, балки руҳан кучли шахс сифатида тарбиялашга ҳаракат қиламиз. Мотивация, ўзига ишонч, сабр спортда ғалаба қозониш учун зарур бўлган энг муҳим воситадир. Фарзандларимиз бу ерда яшайди, ўқийди, спорт билан шуғулланади. Ётоқхона, овқатланиш, дарс машғулотларининг барчаси давлат томонидан таъминланган. Энг асосийси, бу ерда улар орзуларига ишонишни ўрганишади. Чунки, Баҳодирнинг ўзи ҳам шундай муҳитдан чиққан, ҳозир энди улар учун илҳом манбаига айланган.
– Мактабдаги машғулотлар қандай тартибда ўтади?
– Мактабда жуда аниқ ва қатъий тартиб мавжуд. Ҳар бир бола бу режимга кўникади ва айнан шу тартиб уларни интизомли қилади. Эрталабки соат 8 дан 10 гача 5, 6 ва 7-синф ўқувчилари дарсга киради. Сўнг соат 10 дан бошлаб 8, 9 ва 10-синфлар шуғулланади.
Машғулотлар икки маҳал ўтказилади. Болалар 5 маҳал овқатланишади. Ҳар куни уларнинг соғлиғи, ҳолати назорат қилинади. Тушдан кейин тўгараклар, кечқурун эса уйқуга тайёрланиш вақти белгиланади. Дам олиш кунлари асосан, психологик машғулотлар, мотивацион суҳбатлар, шахсий ривожланиш машғулотлари ўтказилади. Ҳозирда ўқувчиларимиз Андижонда мусобақада, тез орада Қозоғистонга йўл олишади. 3 майдан бошлаб эса Озарбайжонда Президент соврини учун ўтказиладиган мусобақада иштирок этамиз. Булар – улкан тажриба мактаби. Ҳар бир ўқувчимизнинг ютуғи – биз учун фахр.
– Баҳодирнинг болаликдаги хотиралари билан бугунги спорт мактабидаги болаларни таққослаганингизда қандай фарқларни кўрасиз? Унинг ёшлигида ажралиб турган жиҳатлар нималар эди?
– Ростини айтсам, бугунги шароитлар билан ўша даврни таққослашнинг ўзи қийин. Фарқ – ер билан осмонча. Ҳозир имкониятлар анча кенг. Баҳодирнинг болалигида эса бизга ҳар бир қадам меҳнат эвазига тушарди. Баҳодир ўзига хос бола бўлган. Ўқишда фаол, байрам тадбирларига сценарий ёзар, ҳайвонларга жуда меҳрибон эди. Айниқса, қўй ва итларни парвариш қилишни яхши кўрарди. Бир сафар телефонини итга алмаштириб келгани ҳамон эсимда, кулгили-ю, ғурурли хотира. Энг ажралиб турадиган жиҳати – тўғрисўзлиги. Ёлғон гапирмасди. Ҳозир ҳам ёлғонни ёқтирмайди. Шу пок қалби, самимияти уни бугунги Баҳодирга айлантирган, деб ўйлайман.
– Баҳодирнинг илк ғалабалари сиз учун қандай эсланади?
– Ҳар бир она фарзандининг илк ютуғини юрагига муҳрлаб олади. Баҳодир дастлаб футбол билан шуғулланган, боксга эса кейинроқ кириб келди. Лекин илк мусобақасида ютганида, ичимда бир туйғу уйғонганди: “Болам ҳали дунёни ҳайратда қолдиради”, деб ўйлагандим. Бу оддий ғалаба эмасди, бу, бизнинг фидойилигимиз, бирга кечган тунлар, қилган дуо ва меҳнатларимизнинг илк меваси эди. Энди эса у профессионал боксда.
– Айрим мураббийлар Баҳодирни ёшлигида эринчоқ бўлган дейишади. Унинг ўзи ҳам интервьюларида “спортни ташла” деган гапларни эслаган. Сиз она сифатида бу фикрларга қандай қарайсиз?
– Очиғини айтсам, бу гапларга унчалик қўшилмайман. Эринчоқ бўлганида, бу даражага чиқолмасди. Ҳар бир боланинг ҳаётида бир пасайиш даври бўлади. Бу нормал ҳолат. Шунчаки, ўша даврда уни тўғри йўналтириш керак бўлади. Баҳодирнинг ҳам шунақа дамлари – ўйланиб қолган, иккиланиб турган пайтлари бўлган. Шунда баъзи мураббийлар: “Бундан спортчи чиқмайди”, деб хулоса қилишган. У пайтда бу сўзлар биз учун оғир эди. Аммо устозлари Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличевлар ундаги ички кучни кўришди. “Бу боладан ҳали зўр боксчи чиқади,” деб ҳимоя қилишди. Ҳақиқатда, вақт ўтиб, ўша устозларнинг ишончи ўзини оқлади. Демак, болада “эринчоқлик” эмас, балки ўз йўлини излаш, ички кураш бўлган. Асосийси, биз ота-она сифатида ўша даврларда уни тушунишга ҳаракат қилдик, ёнида бўлдик.
– Баҳодир рингда оғир жароҳатлар олган. Шу каби ҳолатларда сиз она сифатида унга қандай далда бергансиз?
– Тўғрисини айтсам, Баҳодирни илк бор Чирчиқдаги спорт мактабига олиб борганимизда, учинчи куннинг ўзида юзлари кўкариб, бурни синиб қайтди. Менимча, ҳар қандай онанинг юраги бундай ҳолатга чидолмайди. Мен ҳам дарров: “Юр, болам, бу спорт бизга керак эмас, соғ-саломат юравер,” деб, уни олиб кетмоқчи бўлдим. Аммо у ўша пайтда ҳам ёнимда ўзининг кучини кўрсатди. “Онажон, мен орқага қайтмайман”, деди. Шунда тушундимки, бу бола танлаган йўлидан қайтмайди. Шундан бери жангларини ҳеч қачон тўғридан-тўғри кўра олмайман. Юрагим кўтаролмайди. Фақат ютганини эшитиб, кейин видеони кўриб йиғлайман, севинаман. Айниқса, Рио Олимпиадасидаги мағлубияти юрагимни эзганди, лекин бу унга куч берди. Ўшандан бери у: “Сиз дуо қилинг, мен ғалаба билан қайтаман,” деб келмоқда. Шукр, ҳозиргача ваъдасининг устидан чиқяпти.
– Ҳар бир она фарзандининг ютуқларга эришишини хоҳлайди, лекин Баҳодир Жалолов мактабига келгач, баъзан мағлубиятларни кўради. Ана шундай ҳолатларда ота-оналар ва болалар билан қандай ишлайсиз?
—Ота-она учун фарзанди энг яхши, энг иқтидорли бола. Бу табиий. Лекин спорт бу, реал ҳаёт. Ютқазиш ҳам бор, мағлубият ҳам. Мен психолог сифатида ота-оналарга биринчи навбатда шуни тушунтираман: “Сизнинг фарзандингиз ҳамма вақт ютолмаслиги, ғолиб бўлмаслиги мумкин. Муҳими, у ҳаракатда бўлиши, ишончини йўқотмаслиги лозим”. Кўп ҳолларда болаларнинг кўнгли чўкади, ота-оналарнинг ҳафсаласи пир бўлади. Айнан шу пайтда мен уларнинг ёнида бўламан. Улар билан гаплашаман, кўнглини кўтараман. Ўзим уларга: “Мен сизлар учун психолог эмас, тирик тажрибаман,” дейман. Баҳодирнинг ҳаётини мисол қилиб келтираман: “У ҳам ўша йилларда ютқазган, ҳафсаласи пир бўлган, аммо курашдан тўхтамаган. Демак, ютқазиш йўлнинг охири эмас, боши бўлиши мумкин”.
– “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, дейишади. Баҳодир инсон сифатида қандай шаклланди? Сиз қандай қадриятларни сингдирдингиз?
– Баҳодир мен учун аввало, фарзанд, кейин чемпион. Биз уни тарбиялашда ҳар доим биринчи ўринга инсонийликни қўйганмиз. Энг аввало, самимият, тўғрисўзлик, халқимизга ҳурмат, оддийлик – мана шу қадриятларни беришга ҳаракат қилганман. Ҳар доим айтаман: “Агар одамлар ёнингга расмга тушишга келишса, чарчаган бўлсанг ҳам йўқ дема. Чунки, бу мартаба сенга халқ орқали насиб қилган. Оллоҳ сени халқ орқали юксалтирган. Бир ножўя ҳаракатинг билан у неъматни олиб қўйиши мумкин”. Баҳодирда бу хислатлар бор. Нотиқлик унга наслдан ўтган фазилат. Отаси, бобоси ҳам сўзга уста бўлишган. Шунинг учун Баҳодир нафақат рингда, балки ҳаётда ҳам кучли бўлиши керак эди ва шундай бўлди. Медаль ва унвонлар вақтинча, инсонийлик абадий.
– Агар имкон бўлса, Баҳодир билан бир кунга ёшликка қайтганингизда, ўша кунни қандай ўтказган бўлардингиз?
– Биласизми, ҳар бир она ўз фарзандининг болалигини соғинади. Мен ҳам шундайман. Баҳодирнинг ўша беғубор, меҳрга чанқоқ болалик пайтларини эслаб, юрагим эзилади. Агар вақтни орқага қайтариш имкони бўлса, мен айнан у билан яна бир кунни болалигидек ўтказишни истар эдим. Кўпроқ суҳбатлашардим, қизиқишларига чуқурроқ эътибор берардим. Ҳар куни ёнида юриб, ўша дамларни кўпроқ қадрлардим. Балки яна кўпроқ китоблар ўқитардим, чунки биламан: ақл, тафаккур айнан китоб билан шаклланади. Ўша вақтни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилардим. Чунки, ҳозир у улғайган, банд, мендан узоқда.
– Ҳар бир инсонда камчилик бўлади. Баҳодир қачондир сизни ранжитганми?
– Йўқ. Баҳодир мени ҳеч қачон ранжитмаган. Балки оналик меҳрим шунақа бўлса керак, лекин мен унинг ҳаракатида ёмонлик кўрмаганман. У доим менга нисбатан эҳтиёткор, ҳурматда бўлган. Узоқда бўлса ҳам, телефон орқали бўлса-да, доимо “Аяжон, яхши юрибсизми?”, деб ҳолимни сўрайди. У мени биринчи ўринга қўяди, бу менга энг катта совға. Ҳар бир она фарзандининг меҳрибон бўлишини истайди. Қачонки, оғир ҳолатда бўлсам, Баҳодирнинг биргина гапи билан кўнглим таскин топади. Демак, у фақат чемпион эмас, балки ҳақиқий ўғил ҳам бўла олган.
– Сиз учун бахт нима?
– Мен учун бахт – оилам, фарзандларим билан бирга бўлиш. Ўғлимнинг дунё кезиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариши. У мени бутун дунёга танитди. Кўчада одамларнинг Баҳодир Жалоловнинг онаси эканлигимни таниб қолиши – энг катта бахтим. Турмуш ўртоғим вафотидан сўнг, ўзимни ёлғиз ҳис қилган пайтларим бўлган. Лекин Баҳодир ва қизларим ҳаётимга яна ёруғлик олиб кирди. Мен бугун бахтни яна бошдан кечиряпман. Буни фақат юрак билан ҳис қилиш мумкин.
– Баҳодир ҳақида ижтимоий тармоқларда ижобий ва салбий фикрлар айтилади. Сиз буларни қандай қабул қиласиз?
– Биласизми, яхши гаплар қалбимни қувонтиради, салбий гаплар эса фақат сабрни ўргатади. Ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди. Бу ҳаёт. Баҳодир ҳам буни яхши билади. “Одамлар ҳар доим гапиради, ойижон, сиз фақат дуо қилинг”, дейди у. Мен эса ёмон фикрларга жавоб бериш ўрнига, ўзимни тинчлантираман: “Агар ўша одамлар Баҳодир қилган ишни қилишса эди, балки уларни тушунар эдим”. Баҳодир ҳеч қачон манман бўлмаган. Ҳар бир инсонни ҳурмат қилади, ёрдам сўраса, имкон борича кўмак беради. Шунинг учун ҳам халқ уни яхши кўради. Негатив гаплар – йўлнинг бир бўлаги, ўтиб кетадиган ҳолат. Муҳими, халқнинг дуоси ва розилиги.
– Фарзандлари чемпион бўлишини орзу қиладиган оналарга қандай маслаҳатлар берасиз?
– Аввало, бир нарсани унутмаслик керак: чемпионлик – фақат спортдаги ғалаба эмас, бу интизом, меҳнат, меҳр, сабр ва эътибор билан қуриладиган йўл. Фарзандлар, айниқса, бугунги замон болалари, телефон, интернет, ижтимоий тармоқларга жуда боғланиб қолган. Ота-оналар буни бефарқ кузатмаслиги керак. Мен оналарга шуни айтган бўлардим: фарзандингизни эшитинг. У билан ҳар куни суҳбатлашинг. Қизиқишини билинг, нима ҳақида орзу қилади, ўша орзуга сиз ҳам ишонинг. Унга “сен қила оласан” деб ҳар куни айтинг. Бу болани кучли қилади. Тарбия бу – ҳар куни, ҳар дақиқа бўладиган жараён. Бир кеча-ю кундузда эмас, балки йиллар давомида сабр билан бериладиган эътибор. Фарзандларимизни телефон эмас, китоб ва меҳр тарбиялаши керак. Ана шунда улар нафақат чемпион, балки чинакам инсон бўлиб улғаяди.
– Баҳодир охирги пайтларда рекламаларда чиқмоқда. Сиз бунга қандай қарайсиз?
– Спортчининг меҳнати, ютуқлари, юзи реклама учун хизмат қилса, бу ёмон эмас. Аксинча, бу унинг молиявий мустақиллиги, эркинлиги учун керак. Баҳодир билан бу ҳақда кўп суҳбатлашганмиз. "Одамлар сени рекламаларда кўриб, юрагингдаги самимиятни, ниятингни тушунишсин," дейман. У ҳеч қачон пул ортидан қувган эмас. Лекин ҳозирги кунда спортчилар ҳам оила аъзолари, рўзғорини таъминлаши керак. Яхши яшаши, бошқаларга ёрдам бера олиши зарур. Бизга ҳар куни ёрдам сўраб келадиганлар бор. Баҳодир кўп ҳолларда бу ёрдамга шахсан ўзи жавоб беради. Демак, бунда нафақат шахсий манфаат, балки одамларга ҳам ёрдам бериш нияти бор.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6IIQumvBAok" title="Sabohat Jalolova: “Har bir bola Bahodirdek chempion boʻlishi mumkin”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова,
Муштарий Икромова,
Аброр Содиқов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА