Сўхда соғломлаштириш маркази очилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида анклав ҳудудда барча соҳаларда кенг қамровли ишлар давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида анклав ҳудудда барча соҳаларда кенг қамровли ишлар давом этмоқда.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун барча шароитларни яратиш борасидаги ишлар самарасини кўрсатишни бошлади. Бугун "Офтобру" маҳалла фуқаролар йиғинида янги соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди.
Собиқ ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб–ҳунар коллежининг фойдаланмаётган ётоқхона биносида бир ярим миллиард сўм инвестиция ҳисобига аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилди. “Сабрина невромед” хусусий корхонаси томонидан янги замонавий тиббий хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилиб, 20 та янги иш ўринлари яратишга эришилди. Қўшимча сифатида корхонанинг ён қисмида жойлашган “Сўх - Реацентр” хусусий корхонаси раҳбари Солижон Мусаев соғломлаштириш маркази қурилишига бош бўлди.
-Сўхлик тадбиркорларга Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилиб, имтиёзлар берилмоқда-дейди С. Мусаев.-Туман ҳокимлиги томонидан берилган бўш бино ва “Агробанк”дан олинган 220 миллион сўм кредит эвазига янги замонавий соғломлаштириш маркази бунёд этилди.
Бу ерда гидротерапия, яъни сув билан даволаш, неврология-терапия, травмотология бўлимлари мавжуд бўлиб, бу ерда нафақат Сўх тумани аҳолиси, балки қўшни Қирғизистон фуқаролари ҳам бемалол даволанишади. Асосий мақсадимиз ҳукуматимиз эътиборидан самарали фойдаланиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборат.
Яна бир муҳим жиҳат. Соғломлаштириш марказида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлганларнинг даволанишлари учун имтиёзлар мавжуд. Жумладан, очилиш маросимида икки нафар фуқаро – болаликдан ногирон бўлган Шоҳжаҳон Тожибоев ва Достон Ҳомидзодларга марказ маъмурияти томонидан бепул даволаниш учун сертификат топширилди.

