Рустам Эргашев: "Ёшларимиз атом соҳасининг янги авлодига айланади"
Мамлакатимизда ортиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириш ва энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида атом энергетикасини ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Унинг юқори самарадорлиги, катта ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти ҳамда атмосферага зарарли газлар чиқариш миқдорининг нисбатан пастлиги ушбу соҳанинг устун жиҳатларидир.
Шу сабабли, мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса Ўзбекистон энергетика тизимини диверсификация қилиш ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Бу ҳақда Жиззах вилояти Фориш туманидаги ихтисослаштирилган мактаб директори Рустам Эргашев ўз муносабатини билдирди:
– Дарҳақиқат, яқинда туманимизда АЭС лойиҳасининг қурилишига старт берилди. Бу, албатта, форишликлар учун катта имкониятлар яратади. Янги иш ўринлари очилиши, инфратузилманинг ривожланиши ва ижтимоий шароитларнинг яхшиланиши халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Шу ўринда, мактабимизда ўтказилган “Фан ва атом фестивали” ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Ушбу тадбир нафақат замонавий технологиялар билан танишиш, балки келажак касблари, АЭС хавфсизлиги ҳамда Форишнинг мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳадаги ўрни ҳақида фикр алмашиш майдонига айланди.
Тадбирда Боғдон, Учқулоч, Ойбек ва бошқа маҳаллалардан 150 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. АЭС қурилиши майдони билан бевосита боғлиқ бўлган туман учун мазкур фестиваль оддий илмий-маърифий тадбир доирасидан чиқиб, атом энергетикаси бўйича ўқувчилар, экспертлар ва Тошкент шаҳридаги "Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиали ўртасидаги жонли мулоқот майдонига айланди.
Ўқувчиларнинг тадбирга бўлган қизиқиши дастлабки дақиқаларданоқ сезилди. Мактабда математика, физика, инглиз тили ва Ўзбекистон тарихи фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Шу боис, атом соҳаси мутахассислари ва талабалар билан учрашув ўқувчилар учун дарсларда олган билимларининг амалий давоми бўлди. Ҳозирда мактабда аниқ фанлар йўналиши бўйича 270 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилидан эса табиий фанлар йўналишини очиш режалаштирилган.
Ўқувчилар имтиҳон асосида қабул қилинади ва туманнинг турли маҳаллаларидан келиб таълим олади. Жиззах вилояти ҳудудининг қарийб ярмини ташкил этадиган Фориш тумани учун замонавий таълим лойиҳаларидан фойдаланиш имконияти алоҳида ижтимоий аҳамиятга эга.
Фестиваль дастури илмни амалда намоён этишга қаратилди. Мактабга киришдаёқ робот ўқувчилар эътиборини тортди ва унинг атрофида ўнлаб болалар тўпланди. Шундан сўнг тематик ўйинлар ва квестлар ташкил этилди. Улар орасида атом технологияларига оид топшириқлар ҳам мавжуд бўлди. Ўқувчилар шартли “занжир реакцияси”ни ишга туширди, интерактив викториналарда қатнашди, “Ер, мен сен биланман” ҳужжатли фильмини томоша қилиб, уни мутахассислар билан муҳокама қилди.
Форишлик ўқувчилар атом технологиялари соҳасида таҳсил олаётган ёшлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг тажрибаси билан танишди. Талабалар ўз келажагини нима учун атом соҳаси билан боғлагани, университетга қабул жараёни ҳамда муҳандислик таълими яратадиган имкониятлар ҳақида гапириб берди.
Ўқувчилар атом энергетикасини ёпиқ ва мураккаб соҳа сифатида эмас, балки юқори малакали муҳандислар, физиклар, дастурчилар, экологлар ва хавфсизлик бўйича мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган истиқболли тармоқ сифатида қабул қила бошлади. Шу билан бирга, уларнинг саволлари ҳам аниқ ва амалий мазмун касб этди. Улар АЭС яқинида яшаш хавфсизлиги, радиация назорати, ядро чиқиндиларини қайта ишлаш, атроф-муҳитга таъсири, янги иш ўринлари ва атом соҳасида фаолият юритиш учун қайси фанларни чуқур ўрганиш лозимлиги каби масалаларга қизиқиш билдирди.
Сифатли таълим сифатли кадрларни, сифатли кадрлар эса ривожланган ва фаровон жамиятни шакллантиради. Ўқувчиларимиз келгусида қайси соҳани танламасин, ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлиб, Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.