Рус етакчи қатнашмайдиган “G20”
Жумадан жумагача
Россия Президенти 15-16 ноябрь кунлари Балида ўтадиган “G20” саммитида қатнашмайди. Бу ҳафтанинг муҳим хабарларидан бири эди. Чунки...
Сал аввалроқ Индонезия расмийлари Россиянинг саммитда иштирок этиши бошқа давлатлар томонидан босимга учраган тақдирда таклиф қайтариб олмаслигини билдирган эди. Шунингдек, мезбон давлат етакчиси Жоко Видодо “Financial Times” газетасига берган интервьюсида “катта йигирмалик” форумни сиёсатлаштирмас керак, унда иқтисодиёт ва тараққиёт масалалари муҳокама қилинади”, деб таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, у “G20”га аъзо давлатлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайиб кетиши хавотирга солаётганини яшириб ўтирмаганди.
АҚШ етакчиси ҳам “агар Россия раҳбари “йигирмалик” ишида иштирок этса, унда Украина раҳбарини ушбу йиғилишга чақирамиз, деб қатъий фикр билдирганди.
Охир-оқибат “G20” саммити ишида икки можарочи давлатлар раҳбарлари ғалванинг орасига тушмайдиган бўлишди, улардан бири йиғилишда видеоконференцалоқа шаклида иштирок этади.
“Сталин ҳам чет элда ўтадиган ҳамма учрашувларга боравермаган. Кремль раҳбарининг “йигирмалик”ка борганда нима бўларди-ю, бормаганда-чи? Тарихий бурилиш содир бўлмаслиги аниқ!”, дейишгача боришди айрим таҳлилчилар.
Экспертларнинг аксарияти ҳам россияликлар раҳбарининг катта йиғилишда қатнашмаслигини маъқул билишди, чунки дунё етакчиларининг кўзлари ўнгида бир ишкал чиқиши ҳеч гап эмасди.
Тўғри гап ҳам шу-да, “йигирмалик” ичида рус тарафдорлари кўп бўлмаса-да, барибир бор. Саммит ишида жаҳон иқтисодиётининг муҳим масалалари кўриб чиқилади, деб урғу берилади-ю, сиёсат барибир аралашиб қолади...
Кўпчиликда Қўшма Штатлар ва Россия раҳбарлари Балида учрашсалар нималар ҳақида гаплашган бўларди, деган савол туғилиши табиий эди. Аввало Америка томони бундай учрашув бўлмаслигини бир ҳафтадан буён гапириб келади, мабодо у амалга ошган тақдирда фақат биттагина масала муҳокама қилинарди, у ҳам бўлса ҳарбий асирларни алмашиш масаласи... Жанжални тўхтатиш керак, деган бўш гапларга беҳуда вақт сарфланмасди.
Ростанам “йигирмалик” “G7”дан нуфузли тизим. Бу ерда дунёнинг Ғарб ва Шарқдаги етакчи давлатларининг мужассамлашган позиция акс эттирилади. Жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган бундай ёндашувларга эътибор бермаслик келгусида кўп зарар келтириши мумкин.
Рус етакчисининг онлайн тарзида чиқиши ёки йиғилишда видеомурожаат қилиши кутилмоқда.
Оқ уй раҳбари “йигиралик”даги режасини журналистлар билан баҳам кўрди. Аввало Украина атрофидаги вазият муҳокамасини бошлаб бераман, деди у. Россия – Украина зиддиятининг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирини кўриб чиқиш нияти борлигини яширмади. Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуролларини яратиш ва баллистик ракеталар учирилиши билан боғлиқ таҳдидларни кун тартибига олиб чиқишни ваъда берди.
Америка етакчиси ҳамма гапни ҳам журналистларга очиқ-ойдин айтмагани аниқ. Таҳлилчиларнинг тахминларига кўра, у Россияни “катта йигирмалик”дан чиқариш масаласини кўтариши мумкин...
Буёғини эса ноябрь ойининг ўртасида кўрамиз.
НАТО йўлида...

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Ғарб блоки мамлакатлари хавфсизлик ва мудофаасини таъминлаш мақсадида 1949 йилда тузилганидан бери НАТО турли стратегик концепциялар ишлаб чиқиб фаолиятини юритиб келмоқда.
Бугун эса Россия – Украина можароси давом этар экан халқаро сиёсатда, хусусан НАТО мамлакатлари учун ҳам тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласи кўндаланг турди.
Мутахассислар февраль ойидан бошлаб, Европа хавфсизлигига таҳдид ва хавф даражаси сезиларли ошди, дейишмоқда.
Жорий йилнинг май ойида НАТОнинг табиий равишда кенгайишига сабаб бўлган Швеция ва Финляндия Шимолий альянсга аъзо бўлиш учун ариза бердилар.
Мазкур халқаро ташкилот учун икки Скандинавия давлати бегона эмас, 90-йилларнинг ўрталаридан улар НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида фаол қатнашиб келади.
Бош котиб Йенс Столтенберг ҳам Швеция ва Финляндия Альянсга яқин мамлакатлардир, деган. Бироқ февраль воқеалари Хельсинки ва Стокгольмни НАТО қучоғига тезроқ қўшилиш истагини кучайтирган.
Мадридда июнь ойида ўтган НАТО саммитида деярли барча аъзо давлатлар бу иккиликни Альянсга қўшилишини қўлладилар. 30 аъзодан фақат Венгрия Финляндия ва Швециянинг аъзолигига шубҳа билан қаради, чунки у Россияни хафа қилиб қўйишдан бироз чўчиди чоғи.
Анқара ҳам бу давлатларга қарши чиқди. “Улар миллий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашда иттифоқчилик руҳига мос келмайдилар”, деб баёнот берди.
Гапини асослаш учун Туркия бу давлатларга бир қатор эътирозлар билдирди. Улар орасида Курдистон ишчи партияси, “Фатҳуллочилар” ва “Демократик бирлик партияси” каби террор ташкилотларининг жангариларини яширганликда айблади. Шу билан бирга, улар ўз ҳудудларида террор гуруҳларига бемалол фаолият юритишига йўл қўйиб бердилар, деди. Туркия уларни қайтариб беришни талаб қилди.
Бундан ташқари, Стокгольм Суриянинг шимолида Қуролли кучлар 2019 йилда ўтказилган “Тинчлик манбаси” амалиётидан кейин Туркияга қурол-аслаҳа эмбаргосини қўйган эди, энди Анқара уни олиб ташлашни ҳам сўради.
Узоқ тортишувлардан кейин Швеция, Финляндия ва Туркия Мадрид меморандумини имзолашади. Унга кўра, Анқара Хельсинки и Стокгольм ўртасида “Доимий қўшма механизм” яратиш назарда тутилган эди.
Ҳужжатга кўра, икки Европа давлати терроризм билан янада самарали стратегик кураш олиб бориш ва Туркияга террорчиларни қайтариб бериш мажбуриятини олиш керак.
11 сентябрда ўтган сайловлар натижасида Швециядаги хокимият социал-демократлардан янги коалицион ҳукуматга ўтди ва бу воқеа анча умид берувчи эди, деб тахмин қилишган эди экспертлар.
Дарҳақиқат, 30 сентябрда янги ҳукумат Туркияга нисбатан қурол эмбаргосини олиб ташлади, терроризм билан кураш тўғрисида янги қонунни қабул қилди.
Туркия Швеция ва Финляндия Адлия вазирликлари билан жиноятларни қайтариш масаласини алоҳида кўриб чиқди.
Аслини олганда Туркия НАТОнинг кенгайишига қарши эмас. Аммо турк раҳбарияти икки давлатга нисбатан ўз талабларини ўзгартирмасликда қатъий турибди.
Аслида Скандинавия давлатлари Туркияга қарши қарашларини очиқ баён қиладиган курд ташкилотларини террорчи, деб билмайдилар. Турк ҳарбийларига қурол-аслаҳа етказиб беришдаги эмбаргони қўллашда ҳам инсон ҳуқуқлари, айниқса, курдларни камситиш масаласи рўкач қилинган.
Курдларнинг Туркиядан қочиб, мазкур давлатларда паноҳ топиши сабаби аёнлашди. 2016 йилда ҳарбий тўнтаришга уринишда қатнашган фуқаролар учун Швеция ва Финляндия ана шундай имконият яратиб берди...
Қозоғистонликлар синови...

Қозоғистонда навбатдаги сайловлар 2024 йилда ўтиши керак эди. Йил бошидаги норозиликлар, биринчи давлат раҳбари билан боғлиқ воқеалар... хуллас, вазият ўзгарди.
Муддатидан аввал сайловлар ўтказиш мамлакат учун янгилик эмас. Нурсултон Назарбоев беш марта президент этиб сайланган, шундан учтаси муддатига етмасдан ўтказилган. Тоқаев давлат раҳбари бўлган 2019 йилги сайловлар ҳам муддатидан олдин ташкил этилган эди.
Бу сафарги сайловларнинг натижаси аниқ, Қосим-Жомарт Тоқаев ғолиб бўлади. Экспертларнинг фикрича, қолган номзодлардан ҳеч бири етарли овоз тўплай олмайди.
20 ноябрда ўтадиган “сиёсий кураш”да амалдаги давлат раҳбарини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, олти киши қатнашади. Тоқаевнинг барча рақиблари сиёсатда тажрибаси йўқ, кам танилган арбоблардир.
Сайлов эълон қилиниши билан унда қатнашиш истагини 15 киши билдирди. Марказий сайлов комиссияси польшалик этник қозоқ Бали Мажец, маҳаллий фуқаролар Инга Иманбой ҳамда рўйхатдан ўтмаган демократик партия етакчиси Жонболат Мамайнинг аёли ҳужжатларини қабул қилмади. Тўғрироғи, “Сайловлар тўғрисида”ги қонун бунга йўл қўймади. Бириси мамлакатда охирги 15 йил яшамаган бўлса, бошқаси ҳали 40 ёшга тўлмаган эди.
2019 йилдаги сайловларда иккинчи ўринни эгаллаган Амиржон Косанов бирдан фикрини ўзгартириб, ҳужжатларини МСКдан қайтариб олди.
Қолган 12 киши роса сараланиб, олти нафаргинаси расмий рўйхатдан ўтказилди.
“Сиёсий кураш”га отланиб, унда қатнашолмаганлар орасида собиқ бош вазир ўринбосари Нуржан Альтаев, архитектор Хайрулла Габжалилов, тадбиркор Талгат Ергалиев, иқтисодчи Жуматой Алиев, Молия вазирлиги ходими Бакит Жанабоев, “Амалий психология” республика ташкилотининг раҳбари Фатима Бизакова бор.
Энди сайлов “курашчилари” ҳақида. Бош номзод Тоқаев, номзодни бирйўла учта ва бир қатор жамоат ташкилотлари қўллашди.
“Хабар” телеканалининг “Халқ микрофони” дастури ўтказган сўровда аксарият респондентлар беш номзодни танимасликлари, ҳатто уларнинг исм-фамилияларини эшитмаганликларини айтишди.
Улардан бири – 67 ёшли Қозоғистон фермерлар ассоциацияси раиси Жигули Дайрабаев. Мухолифат умуммиллий социал-демократик партияси номзоди Нурлан Аусбаев ҳақида маълумотлар кам. Иқтисодчи, катта тадбиркорлик ва сиёсат билан илгари иши бўлмаган.
Мейрам Кажикен “Аманат” касаба уюшмалари ҳамдўстлигининг номзоди. “Замонавий жамият тадқиқот институти” раҳбари.
Қайддан ўтган икки нафар аёл номзоди бор. Салтанат Турсинбекова 30 йилдан ошиқ давлат хизматида, прокуратура идораларида хизмат қилган.
Каракат Абденнинг номзоди “Профессионал ижтимоий касблар миллий альянси” томонидан киритилган. У “Қозоқ қизи” маданий-маънавий тарбия аёллар институтини бошқаради.
“Сайлов тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлардан кейин олти номзоддан ғолиб бўлган бири етти йил давомида давлатни бошқаради, бундан кейин у қайта президентликка даъво қилиши мутлақо мумкин эмас.
Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, Жигули Дайрабаев ва Нурлан Ауесбаевнинг ўзга режаси бор: мазкур сиёсий жараёнда қатнашиб, тажриба орттириш, сиёсий капитал тўплаб кейинги йилда мамлакатда ўтадиган муддатидан илгариги парламент ва маҳаллий сайловларда иштирок этишни ният қилганлар.
Сайловга саноқли кунлар қолди, унинг натижасини кутиб қоламиз...
Бугунча шу!
Келаси жумада хабарлашгунча!
ЎзА сиёсий шарҳловчиси Аброр Ғуломов