Руминия Қора денгиз узра икки дронни уриб туширди
Руминия Қора денгиз узра икки дрон уриб туширилганини эълон қилди.
Болгариянинг ВТА ахборот агентлиги хабар беришича, мудофаа вазири Раду Мируцэ ижтимоий тармоқ орқали шундай ёзган:
– Икки дрон мамлакатимизга ноқонуний бостириб киришидан бир неча лаҳза олдин Руминия ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари томонидан Қора денгиз узра нишонга олинди ва уриб туширилди.
Бинобарин, мулозим учувчисиз учоқлар тури ёки русумига аниқлик киритмаган.
Бу воқеа қирғоқ яқинида икки кимёвий танкерга ҳужум қилингандан икки кун ўтиб содир бўлди. “Reuters” таъкидлашича, сўнгги пайт НАТО чап қаноти бўйлаб савдо кемаларига хавф туғдираётган қатор ҳужумлар кузатилган.
А.Маматов, ЎзА