Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, шу билан бирга тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир вақтлар фақатгина пойтахтда амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда вилоят ва туман марказларидаги шифохоналарда ҳам бажарилмоқда. Хуллас, бугунги кунда қилинаётган ҳар бир эзгу амал, ислоҳот “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ҳолда олиб борилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали аҳолига узлуксиз тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган муассаса бўлиб, у ерга кунига юзлаб оғир аҳволдаги беморлар олиб келинади. Бугунги кунда марказда 20 дан зиёд мутахассислик бўйича юқори малакали тиббий ёрдам, 200 ўринли замонавий стационар мавжуд. Йилига 5 мингга яқин хорижий тажрибаларга асосланган амалиётлар ўтказилмоқда.
[gallery-24350]
Яқинда Москва шаҳридаги “Юрак-қон томир касалликларининг илмий тадқиқот институти” профессори Андрей Шелеско марказга ташриф буюрди. Филиал раҳбари Баҳром Жалолов Андрей Шелеско билан интервенцион ангиологлар билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
– Кўп йиллардан буён Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз, – дейди А.Шелеско. – У ерда эндоскуляр жарроҳликнинг турли йўналишлари бўйича маҳорат машғулотлари ўтиб келганмиз. Невро интервенцо-бош миянинг аневрезмини даволаш, ишемик инсульт, шунингдек, онкологик касалликлар бўйича ҳам маҳорат дарслари, семинарлар ўтказганмиз. Ҳозирда периферик касалликларни даволаш бўйича шуғулланяпмиз. Бугун мени Навоий вилоятига таклиф қилишди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали мутахассислари билан ҳамкорликда жарроҳлик амалиётини ўтказяпмиз. Бундай касалликлар жуда кўп. Диабет, атеросклероз касалликлари билан оғриган беморлар бизнинг ёрдамимизга муҳтож. Бугунги жарроҳлик амалиёти кўп йиллик ҳамкорлигимизга йўл очади.
Ташриф давомида Андрей Шелеско томонидан 1956 йилда туғилган беморга амалий ёрдам кўрсатилиб, мураккаб оператив амалиёт ўтказилди.
Бундай турдаги амалиётларнинг филиалда ўтказилиши юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/524Gm7yhmWM" title="RSHTYOIM Navoiy filiali – zamonaviy tibbiyot sari yo‘l" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари