Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтаётган XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасидаги 73 килограмм вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Кескин ва муросасиз баҳслар остида ўтган мазкур мусобақада ҳамюртимиз Рўза Қўзиева 147 кг натижа қайд этди ва “Париж-2024” Паралимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритди.
Бундан аввал, Рўза “Токио-2020” Паралимпия ўйинларида ҳам кумуш медалга сазовор бўлган эди.
Маълумот учун: айни вақтга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 10 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронзага етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА