«Роза Хутор» Олимпия тоғ курортига пресс-тур
Ўзбекистоннинг «Амирсой», Қозоғистонинг «Шимбулоқ» ва Россиянинг «Роза Хутор» тоғли дам олиш масканларини бирлаштирган Евроосиё тоғ курортлари Альянси томонидан журналистлар учун «Роза Хутор» Олимпия тоғли дам олиш масканига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур дастуридан тоғ курортлари Альянси раҳбарияти билан суҳбатлар, турли тадбирлар ва ташаббуслар билан танишиш, тоқ чўққисига чиқиш, Олимпия ўйинлари бўлиб ўтган жойларга экскурсия, Россия халқаро олимпия университети экспертлари билан учрашиш ва бошқа кўплаб тадбирлар ўрин олган.

Жорий йилнинг 8 июнида Россиянинг «Роза Хутор», Қозоғистонинг «Шимбулоқ» ва Ўзбекистоннинг «Амирсой» тоғли дам олиш масканлари раҳбарлари ҳамкорлигида Евроосиё тоғ -курортлари Альянсини тузиш ишлари бошланган эди. Бу борада МДҲ мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг учрашуви доирасида ташкил этилган “Евроосиё - умумий уйимиз” кўргазмасида тегишли меморандум имзоланди. Унда «Роза Хутор» дам олиш маскани бош директори Александр Белокобильский сўзга чиқиб, Альянснинг бош мақсади ҳамкорлик қилиш, маълумот ва илғор тажриба алмашиш, биргаликда ходимларнинг касбий малакасини ошириш ҳамда аъзо мамлакатларнинг табиий-маданий меросини асраб-авайлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш асосида тоғ-курортларини изчил ривожлантиришдан иборат, дея таъкидлаган эди. Шунингдек, Евроосий маконида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Жорий йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” кўргазмасида Озарбайжоннинг «Шохдоғ» курортининг Альянсга қўшилиши тўғрисида меморандум имзоланди. Шу муносабат билан пресс-тур доирасида Альянснинг янги аъзоси билан телекўприк ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Қозоғистонда тоғли ҳудудлар 10 фоиз, Ўзбекистонда 21 фоиз, Россия Федерациясида 53 фоиз, Озарбайжонда 65 фоиз майдонни эгаллайди. Буларнинг барчаси тоғ туризмини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратади ва бунда айниқса халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Дам олиш масканлари бир-биридан жуда фарқ қилади, уларнинг ҳар бири ўзига хос жиҳатлари билан сайёҳларни жалб қилади. Шунга кўра, пресс-тур давомида Альянснинг жорий йилги қиш мавсумида амалга ошириш режалаштирилган қўшма тадбирлар ҳақида маълумот берилади ҳамда уларнинг барчаси учун белгиланган спорт, календар ва кўнгилочар тадбирларнинг ягона тақвими тақдим этилади.

14 декабрга қадар давом этадиган пресс-турда иштирокчилар шунингдек, 2024 йилнинг март ойида «Роза Хутор» дам олиш масканида бўлиб ўтадиган Тоғ-курортлари фестивалига тайёргарлик ишлари, Альянсга аъзо мамлакатлар дам олиш масканларининг давлатлараро сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, ягона интернет-манбани яратиш ҳамда тоғли дам олиш масканлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича корпоратив университет ташкил қилиш тўғрисидаги маълумотлар билан танишади.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА.
Россия, Сочи шаҳри