Ровотликларнинг муаммолари ҳал этилди
Сардоба тумани “Ровот” маҳалласида Адлия бошқармаси ташаббуси билан сайёр қабул ўтказилди.
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Адҳам Шайжигитов дастлаб “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонун мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди.

Адлия масъулларнинг маҳаллага ташрифи Бувайда Абдураимова, Зебо Нуралиева учун айни муддао бўлди. Фуқаролар ўз мурожаатида субсидия асосида тикув машинаси олишда амалий ёрдам сўради. Илҳом Холиқуловнинг мурожаати марҳум отасидан қолган уй-жойни расмийлаштириш мазмунида бўлди. Гавҳарой Аҳмедова янги қурилган уй-жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш масаласида мурожаат қилган бўлса, Бувинар Турдибекова саломатлигини тиклаш учун санаторияга йўлланма олиш бўйича масъулларга юзланди.

Сайёр қабулда аҳолини қийнаб келаётган масалалар атрофлича ўрганилди, муаммоларга ҳуқуқий ечим изланди. Жараёнда 2 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, икки нафар фуқарога ҳасса топширилди.

Тадбирда фуқаролардан 46 та мурожаатлар келиб тушди. Шундан 6 таси жойида ҳал этилди, 24 та мурожаат юзасидан зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ўрганиш муддат талаб қиладиган 8 та мурожаатлар иш юритувга қабул қилинди.

Сайёр қабулда аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Шу куни 2 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Юридик шахсларга электрон рақамли имзо олиш 14 та, болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш ва йўлланмаларини олиш бўйича 18 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ш.Суяров, ЎзА