Россия – Украина уруши қачон тугайди?
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц маъмуриятнинг юқори мартабали вакиллари шу ҳафта Россия ва Украина зиддиятини бартраф қилиш мақсадида Европа расмийлари билан учрашишини билдирган. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Ушбу эълондан бир кун олдин Америка оммавий ахборот воситалари Трамп ва Россия етакчиси Владимир Путин телефон орқали музокара йўли билан урушга барҳам бериш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Уолтц таъкидлашича, ҳозир РФ иқтисодиёти яхши аҳволда эмас. Трамп эса Путинни мулоқотга чорлаш учун Москвага янги “солиқ, тариф ва санкция жорий қилиш”га тайёр.
Маслаҳатчи, шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага ажратилаётган ёрдамнинг бир қисми тўхтатилиши бўйича музокара бошлашга тайёргарлик кўраётганини айтиб, “биз харажатни қоплашимиз керак ва бу украиналиклар билан уларнинг табиий ресурслари, нефти ва гази бўйича келишувга ҳам боғлиқ” деди.
Буюк Британия чоршанба куни НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида 50 га яқин ҳамкор давлатлардан иборат Украина мудофааси алоқа гуруҳининг 26-йиғилишини чақиради.
Мусулмон Зиё, ЎзА