Россия – Украина: Уруш янги босқичга чиқяптими?
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали суҳбатлашганда Америка томонига “Россия Қуролли Кучлари Киевдаги Украина Қуролли Кучлари ихтиёридаги нишонларга тизимли зарба берилиши” ҳақида маълумот берди.
Бунга жавобан Рубио Вашингтон Украинадаги урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатни давом эттиришига урғу берди.
– Мен унга ҳозир Украина билан музокара олиб борилмаётгани ва режалаштирилмагани, бироқ Қўшма Штатлар ҳар доим айни масалада конструктив рол ўйнаш, имконият туғилса, ёрдам кўрсатишга тайёрлигимизни айтдим, – деди у. Шунингдек, уруш тугатилиши кераклиги, АҚШ урушни тўхтатиш учун бор имкониятни ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.
Европа Иттифоқи, Франция ва Польша элчихоналари Россия ТИВнинг Киевга ҳужум қилиш таҳдидини қоралади.
ЕИнинг Украинадаги элчиси Катерина Матернова ижтимоий тармоқда, жумладан, шундай ёзди:
– Россия яна дипломатлар ва чет элликларга таҳдид солмоқда, биздан Киевни тарк этиш талаб қилинмоқда. Биз ҳеч қаерга кетмаймиз!
Франциянинг Украинадаги элчихонаси “Москванинг Украинадаги қарор қабул қилиш марказлари ва хорижий элчихоналарга қарши таҳдиди номақбул ва Россиянинг халқаро мажбуриятларига зид”игини таъкидлади. Бу идоралар одатдагидек ишлашда давом этади, дейилган баёнотда.

Польша элчихонаси ҳам Украинада фаолиятини давом эттириши, “иғвога берилмаслиги”ни маълум қилди.
Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов Флаш тахаллуси остида телемарафон пайти Россия таҳдидига жавобан, “оғир жавоб” берилишини маълум қилди:
– Биз симметрик тарзда, жуда оғриқли жавоб берамиз. Аллақачон Москва ва пойтахт вилоятига ҳужум қила олишимизни намойиш қилдик. Агар руслар бизнинг пойтахтни, корхоналаримиз, қарор қабул қилиш марказларимизни террор қилишга уринса, шунга мос равишда жавоб қайтарамиз. Кўпроқ руҳий таъсир омили сифатида фойдаланилаётган “Шаҳид” дрони Киев учун жиддий таҳдид эмас. Яқинда баллистик ракета жиддий зарар келтирди, чунки Украинада ҳужумни тўхтатиш билан боғлиқ муаммо мавжуд. Қолаверса, РФ ўтган ҳафта охирида “ҳар куни ёки ҳар ой” кўп миқдорда баллистик ракета билан зарба бера олмаслиги кўринди.
Киевдаги муҳим нишонларга зарба берилиши ҳақидаги хабардан кейин Россия фонд бозори ҳафтаси олти ойлик энг паст даражага тушди. Москва биржаси индекси 1,05 фоиз пасайиб, 2598,2 кўрсаткични қайд этди ва сессия давомида 2759,8 пунктгача пасайди. Бу 2025 йил ноябридан бери қайд қилинган энг паст кўрсаткич.

– Акция сотилиши зарба берилиши ҳақидаги эълондан келиб чиқди, ва шундан сўнг бозор кескин арзонлашди, – дейди “ФинАМ” таҳлилчиси Дмитрий Лозовой.
Ёпилиш вақтида Роснефть акцияси нархи 2,6 фоиз, яъни февраль ойидан кейинги энг паст кўрсаткичга тушди. Газпром 0,8 фоиз йўқотиш орқали 2025 йил ноябридан буён энг паст натижа қайд этди.
Йил бошидан бери Москва биржаси индекси 6,5 фоиз ёки бозор капиталлашуви нуқтаи назаридан тахминан 5,5 миллиард доллар йўқотиб, урушдан олдинги кўрсаткичдан пастроққа тушди. Бу эса нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ошишига замин яратди.
Яна бир хабарда таъкидланишича, июнь ойидан бошлаб фуқаролик самолётларига Москва ҳаво ҳудудида 5100 метргача баландликда парвоз қилиш тақиқланади.

Бу ҳақда Самолёт эгалари ва учувчилар уюшмаси (АОПА) баёнотида эълон қилинди. Тақиқ амалда Россиянинг деярли барча марказий ҳудудларига таъсир қилади. Четлатиш ҳудуди Беларусь чегараси ҳамда Санкт-Петербургдан Екатеринбург, Самара ва Россия жанубигача чўзилади.
Бу қоида режалаштирилган рейслардан ташқари тақиқ бизнес самолёти, вертолёт ва кичик самолётларга нисбатан қўлланади. АОПА баёнотида фақат режали ва чартер, тиббий ёрдам ва эвакуация рейслари, ҳаво кимёвий иши, қувур ва электр узатиш тизимини кузатиш ҳамда ҳукумат шартномаси бўйича амалга ошириладиган рейсларга рухсат берилиши айтилган.
С.Раҳимов, ЎзА