Россия ҳукумати нефть қазиб олишни кескин камайтиради
Россия ҳукумати 2026-2029 йиллар учун нефть қазиб олиш тахминий кўрсаткичини кескин пасайтиришга қарор қилди. Шунингдек, РФ нефтни қайта ишлаш заводлари ва инфратузилмасига дрон ҳужуми кучайиши асносида 2026-2027 йиллар давомида нефть маҳсулотлари экспорти ҳам камаяди. Ушбу маълумотни “Рейтер” ҳукуматнинг макро иқтисодий прогноз лойиҳасига таяниб тарқатган.
Россия – Украина уруши бошлангач, Европа Иттифоқи Москва учун муҳим даромад манбаи ҳисобланган нефть ва ёнилғи импортини деярли тақиқлади. Кетма-кет уюштирилган дрон ҳужуми рус корхоналарига жиддий зарар етказди. Оқибатда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш камайди, бутун мамлакат бўйлаб бензин танқислиги юзага келди.
РФ Марказий банки маълумотига кўра, нефть қазиб олиш ҳам қийинлашган. Зеро, хом нефтни экспортга йўналтириш жараёни транспорт ва порт инфратузилмаси имконияти билан чекланган.
С.Раҳимов, ЎзА