Россия дрони Руминияда турар-жой биносига келиб урилди
Руминия Фавқулодда вазиятлар бош инспекцияси Галац шаҳридаги кўп қаватли уйга дрон урилгани ва 10-қаватдаги хонадонда ёнғин содир бўлганини маълум қилди.
“Monitorul de Galati” нашри хабар беришича, аҳоли барвақт хавфдан огоҳлантирилган. Кейин юз берган портлаш туфайли, барибир, икки киши жароҳат олган.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги дрон Россияга тегишлилигини маълум қилиб, ўша кеч РФ Украина чегараси яқинидаги фуқаролик ва инфратузилма нишонларига ҳужум қилиш учун дронлардан фойдаланганини таъкидлаган. Учоқлардан бири Руминия ҳаво майдонига кириб, Галацдаги турар-жой биноси томига қулаган. Қурилмани тўхтатиш учун “Фэтешть” авиа базасидан икки Ғ-16 қирувчи самолёти ҳавога кўтарилган.
– Хавфсизлик биз учун мутлақ устувор вазифа, – деб ёзган мулозим ижтимоий тармоқ саҳифасида. – Мудофаа вазирлигидан Галати шаҳридаги бинога урилган дрон Россияга тегишли бўйича тасдиқ олдик.

Ҳодиса халқаро миқёсда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Масалан НАТО Бош котиби Марк Рютте, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас, Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта, Польша ва Молдова президентлари, Италия, Словакия, Венгрия, Чехия ва Украина бош вазирлари Бухарестни қўллаб-қувватлашларини билдириб, Москванинг ҳаракатини қоралаган.
Ушбу нохуш воқеадан сўнг Россиянинг Бухарестдаги элчиси Владимир Липаев ТИВга чақирилди. Бу ҳақда вазир Оана-Сильвия Цою маълум қилди.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Парижда ҳам ушбу воқеа муносабати билан Россия элчиси чақирилганини айтд и.Цою Россия дрони турар-жой биносига қулашини “жиддий кескинлашув” деб атади.
– Ушбу воқеа Россия томонидан жиддий ва масъулиятсиз эскалация, мамлакатимиз ҳаво ҳудудини бузиш, – деди у. – РФ дрони радарда пайдо бўлгач, Руминия ҳаво кучларининг икки самолёти ва бир вертолёти ҳавога кўтарилиб, ўт очишга рухсат берилган.
Бухарест иттифоқчилар, ЕИ мамлакатлари ва НАТО бош котибини хабардор қилгани, дронга қарши ускуналарни тезкор равишда топширишни сўраганини маълум қилг ан.Вазир “зудлик билан ва кенг қамровли сулҳ”га эришиш учун Россияга халқаро босимни кучайтириш ниятидалигини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА