Ромитанлик ғаллакорларнинг юзи ёруғ бўлди
Бухоро вилояти Ромитан туманида 2023 йил ҳосили учун 251 фермер хўжаликлари томонидан 5980 гектар майдонда бошоқли дон парваришланиб, давлатга 12 минг 830 тонна ғалла топшириш режалаштирган.
Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилиши, ғаллани қисқа муддатда йиғиб олиш мақсадида тегишли отрядлар тузилиб, зарур техникалар билан таъминланиши ўз самарасини берди.
Ўрим-йиғим жараёнини уюшқоқлик билан ташкил қилган ромитанлик ғаллакорлар давлатга қарийб 13 минг тонна товар дон топшириб, шартномавий режани 100,1 фоизга бажарди.
Тумандаги “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2023 йил ҳосили учун 1850 гектар майдонга ғалла экилиб, 5057 тонна давлатга ғалла топшириш режалаштирилган. “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти ғаллакорлари ҳам ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди. Туманда ўрим-йиғимга алоҳида ҳозирлик кўрилиб, барча юмушлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Мавжуд ғалла майдонлари мавсумга пухта тайёрланиб, 24 отрядлар ташкил этилди. Уларга 24 юқори унумли дон ўриш комбайнлари, 150 дон ташиш юк автомобиллари, шунингдек, 3 кўчма устахоналар ҳамда 6 ёқилғи тарқатиш агрегатлари бириктирилди.
Тумандаги “Шариф”, “Сидиқбобо”, “Ҳаким Ботир Бафо”, “Алишер Жўра Меҳриддин”, “Тилав Назар”, “Самехбобо”, “Насимбек”, “Жўра Жалол Жаҳонгир”, “Неккамол”, “Навобод”, “Рўзижўра”, “Насриддин Фарангиз”, “Сарвар”, “Зойиржон Зоҳиджон Омад”, “Азим Зиё”, “Сафаробод-98”, “Алиёр”, “Ҳожи бобо-2000” фермер хўжаликлари 60-75 центнердан буғдой ўриб, юқори ҳосилдорликка эришди.
Хусусан, “Зафаробод – 2000”, “Козимбобо”, “Олим Ҳидой замини”, “Сафаробод”, “Акрам”, “Кўҳна Бухоро”, “Тўра Жўра Умар”, “Асад Полвон”, “Янгиобод - 2” фермер хўжаликларида 75-85 центнердан ҳосил олиб, туман хирмонига муносиб ҳисса қўшди.
Туман ғаллачилигидаги бу муваффақият қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг жадаллашганлиги, кластер фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, фермерларнинг моддий манфаатдорлиги, ерга, мулкка эгалик ҳиссининг ошганлиги, замонавий усулларнинг изчиллик билан жорий этилганлиги самарасидир.
Зариф Комилов,
ЎзА