Ромитанда асфальт заводи ишга тушди
Бухоро вилояти Ромитан тумани «Қоқиштувон» МФЙ «Янгиер» қишлоғида Хитой технологияси асосида қурилиши бошланган асфальт-бетон ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод иш бошлади.


– Умумий майдони 3 гектарни ташкил этаётган заводни бунёд этишдан асосий мақсад маҳаллий қурувчиларга сифатли хом-ашё маҳсулотларини тезкор равишда етказиб беришдан иборат, – дейди «Ромитан Автобан Транс» МЧЖ раҳбари Рафиқ Жўраев. – Сифатли ва арзон хом-ашёлар вилоятдаги Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Вобкент туманларига ҳам етказиб берилиши режалаштирилган. Завод бир кунда 1000 тонна ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 8 нафар маҳаллий ёшлар бандлиги таъминланди. Мазкур лойиҳа «Ромитан Автобан Транс» МЧЖ томонидан 140 минг доллар ўз маблағлари ҳамда 380 минг доллар инвестиция маблағлари ҳисобидан «Қишлоқ қурилиш» банк томонидан амалга оширилди.
Зариф Комилов,
ЎзА