Родос рицарларининг мағлубияти: Амир Темур қўллаган беқиёс қамал усули
Кўҳна тарих кўплаб қудратли ҳукмдорларни кўрган. Аммо уларнинг саноқлиларигина ҳарб санъатида мутлақ мукаммалликка эришган. Бир пайтлар Ғарбий Анадолуда енгилмас ҳисобланган бир қалъа бор эди. Бу Эгей денгизи бўйида қад ростлаган қадимги Смирна, яъни Измир шаҳар-қалъаси эди. Ушбу истеҳком узоқ йиллар давомида Усмонли ҳукмдорларига бўйсунмаган. Турк султони Мурод I уни олиш учун кўп уринди. Кейинчалик унинг ўғли Боязид Йилдирим ҳам бу масканга раҳна сололмади. Чунки қалъа Родос рицарларининг асосий таянч нуқтаси саналанарди. Унинг ҳимояси мукаммал даражада ташкил этилган эди.
Ушбу масканнинг жойлашуви ғоят мураккаб эди. Бир томони тўғридан-тўғри денгизга туташиб кетарди. Қуруқликка қараб йўналган қисмида эса чуқур хандақлар қазилганди. Осмонўпар баланд буржлар ва қалин деворлар шаҳарни мустаҳкам ҳимоя қиларди. Энг муҳими, қалъанинг ички бандаргоҳи мавжуд эди. Зарур паллада қалъа ҳимоячилари денгиз орқали бемалол мадад олиб туришарди. Мудофаа ишларини асосан тажрибали француз ва италян рицарлари олиб борарди. Амир Темур 1402 йилнинг 2 декабрида айнан шу мураккаб манзилга етиб келди. Соҳибқирон ўз лашкари билан бу ерни қамал қилишга киришди. Унинг мақсади фақатгина ғалаба қозониш эмас, балки адолат ўрнатиш эди.
Буюк саркарда жангни ҳеч қачон биринчи ўринга қўймаган. Шу сабабли дастлаб ҳарбий қоидаларга мувофиқ йўл тутди. У ўз ўғли Пирмуҳаммад ва ишончли бекларидан Шайх Нуриддинни элчи қилиб жўнатди. Элчилар рицарлар қалъаси бошлиғи ҳузурига кириб боришди. Аммо мағрур рицарлар элчиларнинг шартларини кескин рад этишди. Улар ўзларининг енгилмас деворларига ва денгиз ортидаги мададга ишонишганди. Шундан сўнг Соҳибқирон бутун қўшинга қамални бошлаш учун буйруқ берди.
Қалъани қуруқликдан туриб олишнинг иложи йўқ эди. Чунки денгиз томонидан мунтазам озиқ-овқат ва қурол-яроғ келтириларди. Бу муаммони ҳал қилиш учун Амир Темур мислсиз режа ишлаб чиқди. Тарихчи Муиниддин Натанзий бу ҳақда ҳайратланарли маълумотларни ёзиб қолдирган. Соҳибқирон атроф ҳудудлардан энг йирик болор-ёғочларни йиғишни буюрди. Усталар бу баҳайбат ёғочларни сувга тушириб, бир-бирига мустаҳкам боғладилар. Натижада қирғоқдан қалъа деворига қадар улкан йўлак-кўприк бунёд этилди. Бу сунъий кўприкнинг узунлиги минг газга етди. Эни эса юз газни ташкил қиларди. Бир газ ўртача етмиш-саксон сантиметр эканини ҳисобга олсак, бу иншоотнинг ҳайбати яққол намоён бўлади.
Денгиз устида бунёд этилган бу тўғон уруш тақдирини ҳал қилди. Унинг натижасида бирорта ҳам кема шаҳарга яқинлаша олмади. Ичкаридан ҳам ҳеч ким ташқарига чиқиш имконига эга эмасди. Соҳибқирон лашкарлари ана шу сунъий тўсиқ устида туриб жангга кирдилар. Улар шижоат кўрсатиб, қалъа деворларига зарба бера бошладилар. Шаҳар ҳимоячилари бу кутилмаган ҳолатдан саросимага тушиб қолишди. Улар қуршовни бузиш учун тепадан тинмай ҳужум уюштиришга уриндилар. Бироқ Амир Темурнинг моҳир ёяндозлари осмонни ўқ ёмғирига тўлдирди. Камондан узилган ўқлар душманга бош кўтаришга заррача имкон бермади. Истеҳком бутунлай ташқи дунёдан узиб қўйилди.
Бу орада қуруқликдаги қисмда ҳам қизғин тайёргарлик кечаётган эди. Нақбчилар биринчи галда чуқур хандақ устига мустаҳкам кўприк ташладилар. Сўнгра соқчилар жойлашган буржлар бирин-кетин қулатилди. Шу тариқа асосий қалъа деворларига очиқ йўл топилди. Нақбчилар деворларнинг остини ўя бошлашди ва у ерга йўғон ёғоч устунлар ўрнатдилар. Тош деворларни парчалаш учун улар ўзига хос усул қўлладилар. Ёғочларга ўт қўйилиб, қизиган писта кўмир ёрдамида тошлар қиздирилди. Сўнг уларнинг устидан совуқ сув ва сирка қуйилди. Ҳароратнинг кескин ўзгариши натижасида мустаҳкам тош деворлар дарз кетиб, парчалана бошлади.
Рицарлар тепадан даҳшатли ёндирувчи аралашмаларни улоқтиришда давом этишарди. Аммо Соҳибқирон аскарлари бунга қарши ҳам чора топдилар. Нақбчилар ўзларини ҳимоя қилиш учун махсус ёпқичлардан фойдаландилар. Бу ёпқичлар тинмай сирка билан намланиб туриларди. Сирка аралашмаси оловни ўзига юқтирмас, шу тариқа жангчилар ҳаёти сақлаб қолинарди. Таниқли француз тарихчиси Люсьен Кэрэн бу воқеаларга юқори баҳо берган. Олимнинг ёзишича, бу муҳораба Амир Темурнинг ҳарбий муҳандисликда қанчалик буюк маҳоратга эга эканини исботлайди. Тайёргарлик ишлари якунига етгач, Соҳибқирон сўнгги буйруқни берди. Нақблардаги устунларга ўт қўйилди ва улкан деворлар гумбурлаб қулади.
Деворлар ўпирилгач, бутун лашкар шиддат билан шаҳарга ёпирилди. Усмонли турк султонлари ўн йиллаб қамал қилиб, ололмаган қалъа саноқли кунларда таслим бўлди. Икки ҳафтага ҳам бормай, мағрур Измир буткул фатҳ этилди. Бу ғалаба нафақат жисмоний куч, балки теран тафаккур ва беқиёс саркардалик маҳорати маҳсули эди. Амир Темур ўзининг бу зафари орқали Шарқ ҳарбий илмининг нақадар юксаклигини бутун дунёга кўрсатди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА