
Сунъий интеллектли чат-бот дастури журналистнинг ўрнини боса оладими?
“Axel Springer” Медиа гуруҳига қарашли АҚШ Виржиния штати Арлингтон шаҳрида чоп этиладиган “Politico” газетаси, Германияда кўп минг нусхада босиб чиқариладиган “Die Welt” ва “Bild” газеталари кучли акс-садо бериши кутилаётган шов-шувли бир воқеа арафасида турибди.
Жамоада сунъий идрок (интеллект)ли чат-бот ChatGPT (суҳбатдош билан диалог режимида мулоқот қила оладиган сунъий интеллектли электрон дастур) – робот-журналистларни газета ишлаб чиқаришга жалб этиш эвазига ходимлар сонини кескин қисқартириш кўзда тутилмоқда.
Пировард мақсади инсон ўрнини эгаллашга қаратилган сунъий идрок ғояси келажагини ҳали аниқ тасаввур қила олмаймиз, аммо айни жараён кўз олдимизда содир бўлмоқда.
Сунъий интеллект журналистикага ҳам дадил кириб келяпти. Айрим омммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг энг йирик “Билд” газетаси ҳамда Американинг сиёсий журналистикага ихтисослашган “Politico” медиа ташкилоти шу кунларда журналистлар ходимларни сезиларли даражада қисқартириш тараддудини кўряпти. “Гвардиан” газетаси хабар беришича, жонли журналист иши энди электрон чат-бот зиммасига юкланади.
Германия медиа гуруҳи Бош директори Матиас Дёпфнернинг айтишича, журналистларни жонли тартибда ишлайдиган, саволингизга жавоб бериб, фикр билдириб, мулоқотга кириша оладиган сунъий идрок билан “қуроллантирилган” тизимга алмаштириш режалаштирилмоқда. Газета ноширлари журналист ишини бажара олдиган, бугунги даромадига нисбатан анча кўп фойда келтирадиган чат-ботларни ишга тушириб, ходимлар сонини қисқартириб, ўз корхоналарини рақамли медиа компанияга айлантириш ниятида.
Жаноб Дёпфнер яна шундай дейди: ғоявий, сиёсий цензура, юқоридан бериладиган буйруғ-у буюртма нималигини билмайдиган қурилма журналист ўрнига келиб, унинг ишини бажарибгина қолмай, ёт ғоя, ҳукмрон мафкура, ташқи муҳитнинг салбий таъсиридан ҳам холи бўлади, шу тариқа асл маънодаги соф, ҳақиқий демократик мустақил журналистикага асос солинади.
Мутахассислар бугунги кун жаҳон ОАВ фаолиятида, профессионал журналистикада сифат ўзгаришига олиб келадиган инқилобий ўзгариш юз беришини башорат қилишяпти:
– Ишини, келажагини ўйлайдиган ношир, муҳаррир, журналист, медиа-бизнес одами буни ҳисобга олмаслиги мумкин эмас. Бундан буён фақат теша тегмаган гапни топиб айтиб, фикрни ноёб тажриба, теран ақл, чуқур ва дадил мантиқли таҳлил билан бойитиб қоғозга туширадиган, мақолага барчанинг диққатини жалб қилиб, муштарийларни маҳлиё қила оладиган журналист, ижодкоргина ОАВ оламида фаолият юрита олади.
Айни пайт журналистикада сунъий идрокнинг ҳозирча тиши ўтмайдиган, ақли етмайдиган (жони бўлганда, бу гап учун ундан узр сўраган бўлар эдик) жиҳатлар ҳам мавжуд.
Дейлик, бой махсус билим, қолаверса, одоб талаб қиладиган нозик диний мавзулар, шунга асосланадиган шарқ ёки ғарб маънавияти масаласи, террор, гиёҳвандлик, реакцион мафкура, миллатлар аро баҳс ва низо, давлатлар ўртасидаги чегара муаммоси, қирғин-барот урушни сунъий интеллект ёрдамида холис, объектив ёритиб бўлармикан, деган хаёлга борасан, киши. Бу ҳолат объективлик, холислик, бетарафлик таъминланмаслигидан ташқари, айтаётган гапи, фикри, илгари сураётган ғояси учун жавобгарликдан ўзини четга олиш эмасмикан?
Ахир, матн ёзаётган, овоз, оҳанг, ундалма, нутқ, шовқин билан материални бойитаётган сунъий идрокка ақл ўргатиб, уқтириб, уни жавобгарликка тортиб бўладими?!
Журналист эълон қилаётган маълумот, илгари сураётган ғоя, фикр-мулоҳаза маълум бир шахсга тааллуқли ва бунинг учун муаллиф қонун, ҳамкасблари ва жамият олдида масъул, жавобгар.
Яна бир муҳим жиҳат: сунъий идрокнинг тараққиёт стратегияси учун этика меъёри, одоб-ахлоқ регламенти зарурлиги қайд этиляпти. Бу газета эгаси, ноширда хавотир уйғотиб, уни жиддий ташвишга солмоқда. Сабаби, хоҳлаймизми, йўқми, робот ишининг натижаси учун ОАВ эгаси, юридик шахс – жонли одам жавоб беради. Бирор муаммо чиққанда масъулиятни ким бўйнига олади? Ахир, аксарият давлатларнинг ОАВ тўғрисидаги қонунларида уруш, ахлоқсизлик, гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш, давлат сирини очиш, кимнингдир иззат-нафсига тегиш, инсонни ҳақоратлаш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Тўғри, электрон чат-бот ҳар қандай мавзудаги ахборотни профессионал журналистга қараганда тез ва соз, томонлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда объектив, эътирозга сабаб бўлмайдиган тарзда мукаммал, сўл-ўнгга оғишмай тўғри, холисона бита олади. Бинобарин, қалб қўри, дил меҳри, таъбир жоиз бўлса, юрақ қони билан ёзилиши керак бўлган мақолани бирор робот ёза олармикан?
Масалан, “The European Times News” газетаси кимгадир қандайдир ғояни сингдириш, қайси бир қудратли мамлакат, сиёсий гуруҳ ёки тизим мафкурасини тарғиб қилиш эмас, ўз ўқувчиларига дунёда содир бўлаётган янгиликларни тезкор етказиб бериш, Европа аҳолисини у ёки бу муҳим воқеа-ходисадан хабардор қилиш мақсадида фаолият юритади. Фикримизча, мана шундай оммавий ахборот воситасида сунъий ақл жойлаштирилган холис чат-ботдан фойдаланиши ўринлидир, эҳтимол. Ўта сиёсийлашган, нодемократик, авторитар, тоталитар давлатлар медиа маконида эса электрон чат-бот имконияти ниҳоятда чегараланган бўлиши зарур.
Ўтган йил октябрь ойида “The Miami Herald”да 1989 йилдан буён мухбир бўлиб ишлаб келган Рене Родригис ишдан бўшатилди. У газетага кўчмас мулк бозори ҳақида мақолалар бериб турар эди. Яқинда газета маъмурияти ушбу фахрий журналист бажариб келган вазифани сунъий ақл соҳиби – электрон чат-бот репортёр зиммасига юклади.