Риштонда япон тилида сўзлашадилар
Япониянинг Маизуру шаҳридан юқори синф ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабаларидан иборат гуруҳ Риштон туманида бўлиб, “Норико Гаккю” япон тили мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Улар мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Учрашувда ўқувчиларнинг япон тилида эркин мулоқот олиб бориши, хорижий тилларни пухта ўзлаштиришга бўлган интилиши ва билимга чанқоқлиги меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Учрашув чоғи Риштон ёшлари учун халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, Японияда таҳсил олиш учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш истиқболларига эътибор қаратилди.



Шунингдек, Япониянинг КБС Кёто телеканали ҳамда Маизуру шаҳри мерияси матбуот хизмати вакиллари Риштон туманининг бой тарихий-маданий мероси, машҳур кулолчилик анъаналари, туризм салоҳияти, Риштон ва Маизуру шаҳарлари ўртасидаги биродарлик алоқаларига бағишланган видеолавҳани тасвирга туширди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири