Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида Сирдарё вилоятида "Адлия-маҳалла-мактаб" ҳамда "Адлия тадбиркорга кўмакчи" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича намунавий тизим яратиш юзасидан учрашувлар ўтказилмоқда.
Адлия вазири А.Тошқулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Ховос туманидаги “Тинчлик” маҳалласида сайёр қабул билан бошлади. Тадбирда субсидия олиш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, иш ҳақини ундириш, ишга жойлашиш, коммунал соҳадаги муаммолар юзасидан 30 га яқин мурожаатлар келиб тушди.Шундан 20 мурожаатга жойида зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, ўрганиш муддат талаб қиладиган мурожаатлар иш юритувга қабул қилиниб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви Ховос туманидаги умутаълим мактабларида фаолият юритаётган Давлат ҳуқуқи ва асослари фани ўқитувчилари билан бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ раҳбари, Адлия вазири А.Тошқулов педагоглар билан мулоқотга киришар экан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда уларнинг роли муҳимлигини таъкидлади. Учрашувда таълим тизимидаги муаммолар, соҳани ва ҳуқуқ таълимини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар тингланди.

Ховос тумани аҳолисининг 22 540 нафарини ёшлар ташкил қилади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида Сирдарё вилоятида "Адлия – маҳалла – мактаб" ҳамда "Адлия тадбиркорга кўмакчи" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича намунавий тизимни яратиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи ховослик ёшлар билан учрашиб, уларнинг мақсад ва интилишлари, муаммо ва таклифлари билан яқиндан танишди. Тадбирда дастлаб ёшларнинг конституцион ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритилди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик, бандлик каби масалалар юзасидан йигит-қизларнинг мурожаатлари ва муаммоли масалалари тингланиб, мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун масъулларга тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш масалалари устувор вазифалардан бири саналади. Хўш, соҳани такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ижроси Сирдарё вилоятида қай даражада бўй кўрсатмоқда? Бугун тизимда ечимини кутаётган қандай муаммолар бор?

Республика ишчи гуруҳининг Янгиер шаҳар ва Ховос туман тиббиёт бирлашмалари шифокорлари билан мулоқотида айни шу мавзуда сўз борди. Учрашув мобайнида тизим ходимлари билан ўзаро фикр алмашилди, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Шунингдек, тадбирда соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш, тизимга очиқлик ва шаффофлик принципларини жорий қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди.Якунда иштирокчиларга қонунчиликдаги янгиликларга оид тарғибот қўлланмалари тарқатилди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА