Республика ишчи гуруҳи Андижонда ўрганиш олиб бормоқда
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи Андижон вилояти спорт инфратузилмасининг бугунги ҳолатини ўрганмоқда.
Ишчи гуруҳ дастлаб, Андижон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, ушбу муассасада бўлиб ўтаётган адаптив спорт турлари бўйича “Беш ташаббус паралимпиядаси” оммавий спорт мусобақаларининг вилоят босқичи жараёнлари ва марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи ўрганишлар давомида “Бобур Арена”да мажмуасида бўлаётган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг вилоят енгил атлетика босқичи мусобақаси жараёнларини кузатди, стадионга тўшалган замонавий югуриш қопламасини кўздан кечирди.

Шундан сўнг республика ишчи гуруҳи Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида ҳам бўлди. Жумладан, Жалақудуқ тумани спорт мактаби, умумтаълим мактаблари, техникум ҳамда маҳаллаларда аҳоли ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш ҳамда спорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жойларда спорт турлари билан шуғулланиш учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд спорт инфратузилмаси, ёш спортчиларнинг машғулот жараёнлари билан танишилди.
Шунингдек, спортчи ёшлар, маҳаллалар аҳолиси вакиллари билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди, уларнинг таклиф ва фикрлари тингланди.

Марҳамат туманида ўтказилган ўрганиш давомида Эркин Воҳидов номидаги шахмат мактабида бўлди. Мазкур мактабда ёшу кексанинг бирдек спорт билан шуғулланиши учун яратилган шарт-шароитлар, шахмат тўгараги машғулотлари жараёни билан яқиндан танишилди. Турли ёш тоифалари, ҳаваскор шахматчилар ўртасида вилоят, республика, халқаро миқёсда ўтказилган турли шахмат мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган шахматчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби ўрганишлар Хўжаобод, Асака, Бўстон, Булоқбоши ва бошқа қатор туманларда ҳам ўтказилди. Ҳар бир ҳудудда ўтказилган ўрганишлар якунлари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳокимлиги, спорт ривожига масъул идоралар вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда соҳадаги мавжуд ҳолат, эришилган натижалар, истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйиш ва янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Республика Ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари