Ректорликка сайланган талаба ҳақида биласизми?
Ватанимиз тарихидаги 26 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1375 йил (бундан 649 йил олдин) – тарихчи Низомиддин Шомийнинг ёзишича, “Қуён йилига тўғри келган етти юз етмиш еттинчи йил шаъбон ойининг аввалида (милодий 1375 йил 26 декабрда) Амир Соҳибқирон мўғул томон боришга азм этиб, йўлга чиқди ва Қатавон мавзеига бориб тушди. Ўша кунларда қору ёмғир шу қадар кўп ва совуқ шиддати чунонам зўр бўлдики, ҳатто томирлардаги қон музлаб қоларди. Шу боисдан кўп одам ва от-уловлар нобуд бўлди. Одамлар молу бойлиги, оту хачиридан айрилди. Аҳвол шу даражага етгач, Амир Соҳибқирон Самарқандга қайтди ва икки ой давомида шу ерда тўхтаб турди”.
1530 йил (бундан 494 йил олдин) – ҳижрий 937 йил жумодалаввал ойининг олтинчи куни (милодий 1530 йил 26 декабрда) Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўзи бунёд этган гўзал маскан Зарафшон чорбоғида вафот этди. У қирқ етти йиллик умрининг 36 йилини ҳукмронликда ўтказди, ундан 26 йили Кобулда, 5 йил эса Ҳиндистоннинг катта қисмида ўтди. Маълум вақтгача унинг вафоти сир сакланади, чунки бу хабар мамлакатда исён кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур жасади ҳозирги Тож Маҳал рўпарасидаги Оромбоғга дафн этилган (у вақтда Боғи Нурафшон дейилган). Кейинчалик унинг васиятига кўра, хоки Қобулга кўчирилиб, Шердарвоза номли тоғ ёнбағрига, Бобур ўзи барпо қилган боққа дафн этилган. “Боғи Бобур” деб аталадиган бу масканда Бобурнинг қабри волидаси Кутлуғ Нигорхоним ва опаси Хонзодабегим қабри билан ёнма-ён қўйилган.
1558 йил (бундан 466 йил олдин) – Бухорога ташриф буюрган инглиз савдогари ва сайёҳи Энтони Женкинсон Бухоро хонлигининг бўлажак ҳукмдори Абдуллахон II билан учрашди. У бу ҳақда шундай ёзади: “26 декабрда менга хон (Абдуллахон II) ҳузурига кириш амр қилинди. Мен унга рус подшоҳининг мактубини топширдим. Хон аъёнлари олдида мендан бизнинг милтиғимиздан отишга мажбур этди ва ўзи ҳам улардан отиб, машқ қилди”.
1920 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) Кенгаши йиғилишида Техника факультетининг 24 ёшли талабаси Андрей Солькин кўпчилик овоз билан университет ректори этиб сайланди. Коммунист бўлган Солькин университетда таҳсил олиш билан бир қаторда Туркистон давлат университетини олти ой давомида ректор сифатида бошқарди.
Унинг ректорликка сайланиши, ёки кейинги фаолияти коммунистик партия фаолияти билан боғлиқ бўлсада, энг муҳими, у талаба бўла туриб ректорликка сайланди. 1920 йилги статистик маълумотларга қараганда 2671 нафар талаба таҳсил олган университетни идора этди. Шу сабабли ҳам бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисалардан бири ҳисобланади.
1920 йил (бундан 104 йил олдин) – қўқонлик давлат ва жамоат арбоби Ёдгор Насриддинова таваллуд топди. У 1959–1970 йилларда Ўзбекистон Олий Совети Президиумининг раиси сифатида фаолият кўрсатди. У нафақат Ўзбекистонда ёки СССРда, балки бутун Шарқда парламент раиси бўлган биринчи аёлдир. Ёдгор Насриддинова 1970–1974 йилларда СССР Олий Совети Миллатлар советининг раиси лавозимида ҳам фаолият юритди.
1928 йил (бундан 96 йил олдин) – шарқшунос ва археолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдулаҳад Муҳаммаджонов таваллуд топди (вафоти 2016 йил). Унинг илмий ишлари Ўрта Осиёда суғорма деҳқончилик, ирригация, гидротехника ҳамда деҳқончилик воҳаларининг вужудга келиши ва тараққиёти тарихига бағишланган. Абдулаҳад Муҳаммаджонов Бухоро, Тошкент шаҳарлари қадимги тарихи, айниқса, уларнинг ёшини илмий асослашга муайян ҳисса қўшган. Ватанимиз тарихий топонимияси бўйича илмий асарлар ва мақолалар нашр этиб, тарихий манбашунослик бўйича янги илмий йўналишга асос солган.
1934 йил (бундан 90 йил олдин) – кончи олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ваҳоб Раҳимов таваллуд топди (вафоти 2014 йил).
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Ҳиндистон, Миср Араб Республикаси, Мексика, Таиланд Қироллиги, Тунис, Уругвай, Венгрия, Перу, Аргентина, Бразилия Ўзбекистон суверенитетини тан олди.
1995 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1996 йилни «Амир Темур йили» деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга биноан, буюк давлат арбоби Амир Темур туғилган куннинг 660 йиллиги муносабати билан, унинг давлатчиликни барпо этишдаги, фан, таълим ва маданият тараққиётидаги улкан ҳиссасини назарда тутиб, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1996 йилда Амир Темурнинг 660 йиллиги жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг нишонланиши тўғрисидаги қарорига эътиборан халқаро ва республика миқёсида тадбирлар ўтказилаётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда 1996 йил «Амир Темур йили» деб эълон қилинди.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Нотариат тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
2008 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 31 моддадан иборат.
2013 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси тасдиқланди. Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш ва бюджет тўғрисидаги қонунчилик ижросини назорат қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабуд қилинди. Унга асосан апрель ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«140 та илғор саноат корхонаси» дастурини амалга ошириш ва «саноат ипотекаси» тизимини жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади