Ректорлар мактаб битирувчилари билан учрашди
Андижон шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида вилоятдаги давлат олий таълим муассасалари ректорларининг умумтаълим мактаблари битирувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ёшларнинг таълимдан кейинги бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозорига тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борада қатор вазифалар белгилаб берган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов бошчилигида ўтказилган учрашувда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда ёшларнинг ўқиши, пухта билим олиши учун, шунингдек, уларни таълимнинг келгуси босқичига жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-16090]
Учрашувда вилоятдаги олий ўқув юртлари ректорлари томонидан умумтаълим мактаблари битирувчиларига мактабни тамомлаганларидан сўнг олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида маълумотлар, таклиф ва тавсиялар берилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда битирувчи ёшларни қизиқтирган саволларга ректорлар батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари