Ректор кубоги ғолиблари аниқланди
Ўзбек хонадонида улғайган ўғил болалар келажакда қайси соҳани танламасин, албатта маълум бир даврда Наврўз сайлларида, мусобақаларда, тўйларда кураш тушади. Боиси ушбу спорт тури қон-қонимизга сингиб кетган.
Куни кеча Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган олий таълим муассасалари талабалари ўртасида кураш бўйича “Ректор кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди. “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” шиори остида ташкил этилган ушбу катта спорт тадбири зўр кайфиятда, кўтаринки руҳда кечди. Мусобақа йирик саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, масъуллар ва талаба-ёшлар иштирокида “Янгиланаётган Конституция – янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” мавзусидаги тарғибот тадбири билан старт олди.
Сўз олганлар – ёш олимлар, иқтидорли талабалар, ўқитувчилар ўз ютуқлари ҳақида гапирар экан бу натижалар юртимиздаги тинчлик-осойишталик бардавомлиги, энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг ёшларга ғамхўрлиги туфайли эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорлади.
[gallery-11534]
Таниқли санъаткорлар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар спорт мусобақаси ва тарғибот тадбирига ўзгача кайфият бағишлади. Кун давомида кечган муросасиз баҳсларда 133 нафар полвон 66, 73, 90 килограмм ва мутлақ вазн тоифаларида гиламга чиқди. Мусобақада фаол иштирок этган ва ғолибликка эришган спортчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди. Олий ўрин соҳиблари эса бош мукофот ректор кубогини олишга муваффақ бўлди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА