Регистонда жаҳон наволари янграмоқда
Самарқандда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари 27 август куни кечқурун танлов дастури бўйича чиқишларини бошлади.
Болгариянинг “Олтин ноталар” жамоаси бу галги фестиваль танловида биринчи мусиқий дастурни намойиш этган жамоа сифатида тарихда қоладиган бўлди.
– Биз биринчи марта “Шарқ тароналари”да қатнашяпмиз, – дейди мазкур ижодий гуруҳ аъзоси Мариана Манолева. – Самарқандда фестивалга жуда катта тайёргарлик кўрилган экан. Ҳайрат ва ҳавасдамиз. Танловга болгар халқ миллий қўшиқларини тайёрлаб келганмиз. Ўйлайманки, ижроларимиз ҳакамлар ва томошабинларга манзур бўлди.
Шунингдек, бугун Латвия, Судан, Греция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон, Япония, Малайзия, Монголия, Озарбайжон вакиллари ўз дастурларини намойиш этмоқда.
[gallery-18955]
Танловнинг дастлабки кунида Ўзбекистон вакиллари – хонанда Гулчирой Бахшиллоева ҳамда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри қошидаги миллий мумтоз ансамбли найчиси Тоштемур Шукруллаев ҳам чиқиш қилади.
– “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этиш ҳар бир хонанданинг энг катта орзулардан бири, – дейди Гулчирой Бахшиллоева. – Чунки бу саҳнада кўплаб устозларимиз миллий қўшиқларимиз, мақомларни ижро этиб, ўзбек халқининг бой санъатини дунёга намойиш этганлар. Менга ҳам бу йил республика танловида ғолиб бўлиб, фестивалда қатнашиш учун имконияти берилганидан хурсандман. Бу аввало, устозларимизнинг юксак ишончи натижаси, деб биламан. Бугун бу улуғвор саҳнада “Эй, сабо” ашуласи ва Қўқон ушшоғини ижро этмоқчиман.
Бу йилги фестивалда дунёнинг 80 яқин давлатидан 400 нафардан ортиқ вакиллар қатнашмоқда. 30 дан ортиқ мамлакат мусиқий жамоалари, хонанда ва созандалари танловда ўз мусиқий дастурларини тақдим этади.
Танлов иштирокчиларининг чиқишлари “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали Гран при соҳиби, озарбайжонлик Соҳиб Пошазода бошчилигидаги 7 нафар ҳакам томонидан икки йўналиш – профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади.
Ҳакамлар ҳайъати таркибида Ўзбекистон халқ артисти Тоҳир Қўзиев ҳам бор.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари