Регби-7: Биронта ҳам очко йўқотмаган Хоразм чемпион
Ўзбекистон регби федерацияси томонидан Республика товар-хом ашё биржаси билан ҳамкорликда регби-7 спорт турини янада оммалаштириш мақсадида 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида анъанавий турнир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг 18 ёшгача бўлган қизлар жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раиси С.Сафоев, Республика товар хом-ашё биржаси бошқаруви раисининг ўринбосари К.Прокудина ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, жамоаларга омад тилади.

Турнир ҳар жиаҳтдан муросасизлиги ва қизиқарлилиги билан мухлисларда илиқ таассурот қолдирди. Мусобақалар давомида мутахассислар, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари регби-7 бўйича халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини иҳмоя қиладиган мамлакат терма жамоаси аъзоларини яна бир бор назоратдан ўтказишди. Терма жамоага янги номзодлар белгиланди.
Мусобақага ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрган Хоразм вилояти қизлари ўз устунликларини намойиш этди. Эътиборлиси, улар турнир давомида биронта ҳам тўп ўтказиб юборишмади.
Сирдарёликларни 29:0, фарғоналикларни 43:0, Андижон жамоасини 50:0, пойтахт вакилларини 33:0, Наманган терма жамоасини 34:0 ҳисобларида ҳамда бошқаларни ҳам шу тарзда мағлуб этиб, умумий ҳисобда 28 очко жамғарган Хоразм регбичи қизлари ҳақли равишда турнир ғолиблигига эришди.

Фақат хоразмликлардан енгилган наманганлик қизлар 6 ғалаба ва бир мағлубият билан 2-ўринни эгаллашди. 5 ғалаба ва икки мағлубият қайд этган Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси эса кучли учликка якун ясашди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари, турнирнинг энг кучли спортчилари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА