Равон йўллардан обод манзиллар сари
Юртимизда замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, жаҳон талабларига жавоб бера оладиган янги йўллар қуриш, комплекс реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти ҳудудидан жами 1450 километр автомобил йўллари ўтган. Шундан 259 километри халқаро, 505 километри давлат, 686 километри маҳаллий аҳамиятга молик йўллардир. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг 2023 йил 20 июндаги “Вилоятдаги маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни жадаллаштириш тўғрисида” ги қарорига асосан жами 272,5 километр автомобиль йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Мазкур дастур доирасида Сирдарё вилоятининг 9 та туман ва шаҳарларидаги 79 та маҳаллалар ҳудудидан ўтган умумфойдаланувдаги жами 272,5 километр масофада қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотларнинг энг устуворларидан бири чекка-чекка ҳудудларда жорий қилинаётган “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари бўлиб, мазкур лойиҳа, авваламбор, халқимиз турмуш даражасини яхшилашга қаратилгани билан долзарб ва аҳамиятлидир. Яқин 2-3 ой ичида Сирдарё вилоятидаги 5 та маҳалла шаҳар қиёфасига мос тарзда ўзгарди. Айниқса, Боёвут туманидаги “Тинчлик”, Гулистон туманидаги “Иноқлик”, Ховос туманидаги “Оқчангал”, Оқолтин туманидаги “Мустақиллик”, Сайхунобод туманидаги “Янги ҳаёт” маҳаллаларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

– Қирқ беш йилдан буён “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қиламан, – дейди Абдуманноп Эгамов. – Бу йўлларимиз охирги марта асфальт қилинганини ҳатто эслай олмайман. Бизнинг маҳалламизда ҳам шундай яхши ўзгаришлар бўлаётганидан хурсандман. Йўллар халқимизни обод манзиллар сари элтувчи, аҳолининг оғирини енгил қилувчи жамоатчиликнинг энг серқатнов маконидир. Айниқса, бу нурли манзилларнинг равонлиги инсонларнинг манзил-маконини яқин қилишда, аҳолига ёрқин кайфият улашишда бебаҳо ҳиссадир.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири