Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда дастлаб расмий статистика соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкил этилиши расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш жараёнида статистика органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўз навбатида, расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Қонун лойиҳаси расмий статистика соҳасида маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
[gallery-24210]
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Хусусан, парламентдаги мухолифат ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасида номувофиқликлар борлигини билдириб, камчиликларни бартараф қилиш таклифини билдирди.
Қонун ташаббускорлари кўтарилган масала юзасидан ўз фикр-муносабатларини билдириб ўтишди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини маромига етказиш мақсадида масъул қўмитага қайтарилди.
Транспорт соҳасидаги хизматлар сифати янада ошади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида транспорт соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт соҳасида хизматлар сифатини ошириш, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш, йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш ҳамда соҳада сифат назоратини кучайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда транспортда юк ва йўловчи ташишларга бўлган талабни қондириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва транспорт соҳасида давлат назоратининг самарадорлигини янада ошириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузиш, кемалар ва кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш, халқаро ва шаҳарлараро ташувларни амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширмаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Мажлисда транспорт оқимига таъсир кўрсатувчи объектларнинг қурилишини режалаштириш босқичида транспорт тармоғига тушадиган юкламаларни ҳисобга олган ҳолда ечимлар ишлаб чиқилиши, шунингдек транспорт инфратузилмасини режалаштиришда пиёдалар, велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари, жамоат транспорти ва махсус транспорт ҳамда бошқа транспорт воситалари учун устуворлик инобатга олган ҳолда амалга оширилиши қўмита томонидан атрофлича ўрганилиб, мазкур нормалар маъромига етказилганлиги алоҳида таъкидланди.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Масъул қўмита ва қонун ташаббускорлари томонидан берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев,
ЎзА