Ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор давлатларида коронавируснинг “Пирола” номли янги штамми кенг тарқалаётгани, мазкур мутация Исроил, Канада, Дания, Буюк Британия, Жанубий Африка, Швеция, Норвегия, Швейцария, Таиланд ва АҚШда рўйхатга олингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Санитария эпидемиологик-осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизматининг таъкидлашича, ҳозиргача бўлган даврда мамлакатимизда ва қўшни давлатларда коронавируснинг ушбу штамми билан касалланганлар қайд этилмаган.
Вирусология илмий-тадқиқот институтида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган сўнги таҳлиллар натижасига кўра, мамлакатимизда касалланганларнинг 100 фоизида “омикрон” штаммининг турли вариантлари эканлиги аниқланган.
Хавотирга ўрин йўқ, мамлакатимизда эпидемик вазият барқарорлигича сақланмоқда, дейилади Санитария эпидемиологик-осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати билдирган расмий муносабатда.
ЎзА