РАСМИЙ: Амударё суви тошмайди
Сув хўжалиги вазирлиги Амударё билан боғлиқ хабарга ойдинлик киритди
Сув хўжалиги вазирлиги Амударё билан боғлиқ хабарга ойдинлик киритди
Ҳозирги кунда Амударёда сув тошқини юз беришининг умуман эҳтимоли мавжуд эмас. Хусусан, мазкур дарёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 метр куб/сек. сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3-4 бараварга камдир. Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган “Атамират” сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда ўртача 805 метр куб/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга камдир.
Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг “Нурек” сув омбори умумий ҳажми 10,5 миллиард метр куб бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув захираси деярли қолмаган.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси сув ва энергетика вазири Усмонзода Усмонали билан телефон орқали муҳокама қилди. Мулоқот чоғида У.Усмонзода Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлади.
Амударёда сув кўпайиши кузатилмаётгани ва сув тошқини юз бермаётгани тўғрисида кеча Аму-Бухоро ирригация тизими ҳавза бошқармаси бошлиғи Эркин Файзуллаев ҳам оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида таъкидлаб ўтган.
Бундан ташқари, Каспий денгизидан сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, жумладан, Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган миш-мишлар мутлақо асоссиздир. Чунки, халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 километр узоқликда ҳисобланади.
Сув хўжалиги вазирлиги халқимизга шуни катта ишонч билан таъкидлайдики, Амударёда, қолаверса, Олот ва Қоракўл туманларида ҳеч қандай сув тошқини кузатилмаяпти ва ҳозирги шароитда бунинг асло эҳтимоли ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли ҳалқимизни турли миш-мишларга ва асоссиз хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати.