Рақобат ва шаффофлик масалалари муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида Рақобат қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев бошчилигида тадбиркорлар, фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ҳудуддаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, 20 дан ортиқ мурожаат ва таклифлар тингланди ҳамда уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Қўмита раиси рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу йўналиш иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, бозор муносабатларида адолат ва шаффофликни қарор топтиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис қўмита фаолиятида аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, монополияга қарши органларнинг миллий ва халқаро миқёсдаги ўрни, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида ҳам батафсил фикр билдирилди. Ҳудудлардаги муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, фуқаролар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали самарали ечимлар ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Очиқ мулоқот давомида бир қатор тизимли масалалар кўтарилди. Жумладан, фермер хўжаликларида дизел ёқилғиси нархининг юқорилиги, биржа савдоларида муддати ўтган минерал ўғитларнинг сотувга чиқарилиши, автогаз шохобчаларида суюлтирилган газ нархининг сунъий оширилиши ҳолатлари танқидий муҳокама қилинди. Шу билан бирга, дорихоналарда фармацевтика маҳсулотларини референт нархлар асосида сотишдаги айрим камчиликлар, реклама паспортларини расмийлаштиришдаги ортиқча тўловлар ҳамда кўп қаватли уйлар хариди жараёнидаги мураккаб шартлар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, тендер жараёнларида тил бириктириш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Барча мурожаатлар қабул қилиниб, уларни тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-тушунтириш ишлари ҳали етарли даражада эмаслиги ҳам қайд этилди. Шу муносабат билан ҳудудда семинарлар ва тарғибот тадбирларини кучайтириш, аҳоли билан мулоқот форматларини кенгайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Очиқ мулоқот доирасида Қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот ҳам тақдим этилди. Маълумотларга кўра, ушбу даврларда минглаб мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг аксарияти бўйича истеъмолчилар манфаатлари таъминланган.
Учрашув очиқ ва танқидий руҳда ўтди. Билдирилган таклиф ва фикрлар асосида рақобат муҳитини янада такомиллаштириш, шаффофликни кучайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири