Рақобат қўмитаси хорижий компанияга нисбатан иш қўзғатди
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Европанинг йирик қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниясига нисбатан инсофсиз рақобат аломатлари юзасидан иш қўзғатди.
Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, хорижий ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини сотиб олиш ёки қайта сотиш учун расмий розилик олиш талабини белгиламаган бўлса-да, амалда бошқача йўл тутган. Чет эл компанияси маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кираётган мустақил импортёрлар устидан Давлат божхона органларига шикоят қилган. Важ сифатида интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилаётгани кўрсатилган ва натижада маҳсулотларнинг мамлакатга олиб кирилиши сунъий равишда тўхтатиб қўйилган.
Эътиборлиси, бу тақиқдан фақат биргина импортёр мустасно қилинган — у компаниянинг Қозоғистондаги филиали билан маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузган расмий ҳамкордир. Ишлаб чиқарувчи бошқа импортёрларга, агар улар маҳсулотни бевосита компаниянинг ўзидан ёки унинг Қозоғистондаги филиали орқали сотиб олса, «муаммо ижобий ҳал бўлишини» маълум қилган.
Божхона маълумотлари таҳлил қилинганда, мустақил импортёрлар томонидан олиб кирилган оригинал маҳсулотлар нархи расмий етказиб берувчи томонидан таклиф этилаётган нархдан тахминан 5 бараварга арзон экани аниқланди. Бу эса сунъий чекловлар ортида ички бозорда юқори нархларни сақлаб туриш ва параллель импортни чеклаш истаги борлигидан далолат беради.
Юзага келган ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш ва халқаро амалиётни чуқур ўрганиш мақсадида Рақобат қўмитаси Европа Комиссиясининг Рақобат масалалари бўйича Бош директоратига расмий мурожаат йўллади. Ҳозирда ишни кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда, унинг якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА