Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимизда рақамли трансформация ва шаффоф бошқарувни янги босқичга кўтаришнинг стратегик йўл харитасини белгилаб берди.
Мурожаатномада алоҳида таъкидланишича, "соя"даги иқтисодиётдан ихтиёрий равишда шаффофликка чиқмоқчи бўлган тадбиркорлар бухгалтерия, статистика, солиқ ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитилади.
Бу – шунчаки техник тадбир эмас, балки маҳалла даражасидан бошланиб, бутун республика миқёсига тарқаладиган янгича бошқарув фалсафасининг ифодасидир.
Тошкент давлат юридик университети доценти в.б. Акмал Акрамов Мурожаатномада белгиланган муҳим вазифалар хусусида қуйидагиларни гапирди:
–Мурожаатномада қайд этилган маълумотларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 45–50 фоиздан 28 фоизга пасайтирилди.
Бироқ, дастур доирасида келгуси беш йилда ушбу кўрсаткични яна 2 баробарга қисқартириш, нақдсиз тўловлар улушини 75 фоиздан ошириш ва расмий секторда банд бўлган аҳоли сонини 14 миллионга етказиш кўзланган. Ушбу мақсадларга эришишнинг калити – рақамли шаффофлик инфратузилмасини маҳалла даражасида жойлаштириш ва уни ягона платформа орқали республика бошқарувига улашдан иборат.
2026 йилни "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили" деб эълон қилиниши тасодифий эмас. Президент ўз Мурожаатномасида алоҳида таъкидлаганидек, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади.
Маҳалла – бу нафақат ижтимоий бирлик, балки рақамли бошқарувни аҳолига энг яқин нуқтада амалга ошириш учун ноёб институциял механизм. Ҳар бир маҳаллада "маҳалла банкири" ва ҳоким ёрдамчиси фаолият кўрсатиши, улар лойиҳа асосида бюджет маблағларини жалб қилиши – ана шу тизимнинг моддий асосини ташкил этади.
Мурожаатномада маҳаллани ривожлантириш учун 20 триллион сўм ресурс вилоятларга тўғридан-тўғри берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, "Барқарор шаҳар" платформасининг ишга туширилиши ва "яшаш учун қулайлик индекси"нинг жорий этилиши – ҳар бир маҳалла муаммосини рақамли тарзда аниқлаш ва ҳал этишни кўзда тутади. Бу – "маҳаладан республикагача бир платформа" ғоясининг амалий инъикоси бўлиб, бошқарувнинг барча бўғинларини рақамли экотизимда бирлаштириш имконини беради.
Мурожаатномада 2026 йилдан барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдоларининг нақдсиз тўлов шаклига ўтказилиши кўрсатилган. Бундан ташқари, 17 турдаги назорат текширувларида "боди-камера"дан фойдаланиш мажбурий этилади. Ушбу чоралар рақамли шаффофлик инқилобининг муайян ҳуқуқий кафолатларини шакллантиради.
Халқаро хусусий ҳуқуқ нуқтаи назаридан, инвестиция муҳитини такомиллаштиришнинг ҳал қилувчи омили – ҳуқуқий муносабатларнинг шаффофлигидир.
"Invest.gov.uz" электрон платформасининг ишга туширилиши, хорижий инвесторлар учун "ягона дарча" тамойилининг жорий этилиши, эркин иқтисодий зоналарда халқаро ҳуқуқ доирасида арбитраж низоларини кўриб чиқиш имкониятининг яратилиши – буларнинг барчаси рақамли бошқарув ва ҳуқуқий шаффофликни бир-бири билан боғлайдиган тизимни ташкил этади. "Капитал бозори тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасини қабул қилиш ҳам ушбу тизимни мустаҳкамлайди.
Мурожаатномада 4 та "Дата марказ", 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши белгиланган.
Тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги соҳаларида 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу – шунчаки технологик янгиланиш эмас, балки бошқарувнинг янги архитектурасини барпо этиш демак. Рақамли технологиялар маркази орқали ёшларнинг квант, дрон, робототехника бўйича конструкторлик лойиҳалари амалиётга татбиқ этилиши инсон капиталини рақамли иқтисодиётга интеграция қилишнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Рақамли экотизим – олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган платформа меҳнат бозори архитектурасини ҳам тубдан ўзгартиради.
Талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари онлайн тарзда кўриниб туриши – шаффоф меҳнат муносабатларининг дигитал тимсоли.
Нақдсиз тўловлар, назорат тизимларида камера, инвестиция платформаси, сунъий интеллект лабораториялари, меҳнат бозори экотизими, капитал бозори қонунчилиги – буларнинг барчаси "маҳаладан республикагача бир платформа"нинг ўзаро боғлиқ элементлари сифатида кўзда тутилмоқда.
Ҳалол меҳнат ва шаффоф муносабатлар – нафақат иқтисодий ўсиш, балки фуқаролик жамиятининг ҳам пойдевори. "Ҳалол меҳнат – хотиржам ҳаёт ва фаровон жамият гарови" шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотлар яқин келажакда Янги Ўзбекистонни рақамли давлат бошқарувида минтақавий лидерга айлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Гулноза Бобоева ёзиб олди.
ЎзА