Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг давлат ишлари ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг мавқеини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барча жабҳада хотин-қизлар улушини кенгайтиришга қаратилган ишлар йўлга қўйилган.
Жумладан, бугун миллий парламентимизда депутатлик ўринларининг 32 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади. Бу борада халқаро тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, аёллар учун квоталар Европа давлатларида 40-50 фоиз, МДҲ давлатларида 25-30 фоиз атрофида белгиланган. Россия, Беларусь ва Тожикистонда эса аёллар учун квоталар назарда тутилмаган. Арманистонда 25 фоиз, Қозоғистонда аёллар билан биргаликда ёшлар ва ногиронлар 30 фоиз, Қирғизистонда эса номзодларнинг кўпи билан 70 фоизи бир жинс вакили бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур масалани ўз ичига олган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилиниб, қатор таклифлар ўртага ташланди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган нормалар ижросига, жамият ва давлат ишларини бошқаришда аёлларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматовга республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА