Рақамли тараққиёт –хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялашнинг янги босқичи
Мустақиллик халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини юксак қадрият даражасига кўтариш имкониятидир. Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён инсон ҳуқуқларини таъминлаш, тенглик ва адолат тамойилларини қарор топтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун гендер тенглигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаган бўлса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг муҳим механизмларини белгилаб берди.
Мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўли хотин-қизларнинг ҳуқуқий мақоми тобора юксалиб, улар учун янги имкониятлар яратилаётганини кўрсатмоқда. Бугунги босқичда эса мазкур ҳуқуқий кафолатларни рақамли давр талаблари асосида янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Илгари хотин-қизлар давлат хизматларидан фойдаланиш, турли маълумотнома ва ҳужжатларни олиш, ижтимоий нафақа тайинлатиш, меҳнат ёки таълим билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун турли идораларга шахсан бориши, навбат кутиши ва бир неча ҳужжатларни йиғишига тўғри келар эди. Айниқса, ишлайдиган, фарзанд тарбияси билан банд ёки олис ҳудудларда яшайдиган хотин-қизлар учун бу жараён қўшимча вақт ва меҳнат талаб қиларди.
Бугун эса рақамлаштириш ушбу жараёнларни анча енгиллаштирди. Электрон давлат хизматлари орқали фуқаролар кўплаб хизматлардан уйидан чиқмаган ҳолда фойдаланиши, ариза юбориши, унинг ҳолатини кузатиши ва натижани электрон шаклда олиши мумкин. Бу, айниқса, хотин-қизлар учун вақтни тежаш, ортиқча оворагарчиликни камайтириш ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу маънода рақамлаштиришни фақат технологик янгиланиш сифатида эмас, балки инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг замонавий воситаси сифатида баҳолаш мумкин. Электрон давлат хизматлари, масофавий таълим ва меҳнат, электрон тижорат ва онлайн тадбиркорлик хотин-қизларга янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бироқ имкониятлар билан бирга янги хавфлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шахсий маълумотларнинг тарқалиши, онлайн тазйиқ, киберзўравонлик, интернет фирибгарлиги ва рақамли тенгсизлик шулар жумласидандир. Бу борада “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланади.
Рақамлаштириш жараёни жадаллашгани сари кибержиноятлар ҳам тобора кўпаймоқда. Статистик маълумотларга кўра, кибержиноятларнинг жами жиноятлар таркибидаги улуши 2020 йилда 1 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 49,6 фоизга, 2026 йилнинг 5 ойида эса 54,3 фоизга етган. Кибержиноятларнинг 95,7 фоизи ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти банк карталаридан фойдаланиш орқали содир этилмоқда.
Фирибгарликнинг йиллик ўсиши 72,4 фоизни ташкил этган. Крипто-активлар соҳасидаги жиноятлар эса бир йилда 191 тадан 1973 тага ошиб, қарийб ўн баробар кўпайган.
Мазкур маълумотлар рақамли имкониятлардан фойдаланиш билан бир қаторда киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам муҳим. 2026 йил июль-август ойларида ўтказилган социологик сўровда 14 та ҳудуддан 1220 нафар респондент иштирок этган. Уларнинг 50,1 фоизини аёллар, 49,9 фоизини эркаклар ташкил этган. Тадқиқот доирасида билим, одатлар, вазиятли тестлар, виктимизация ва мурожаат каналларига оид 28 та савол қамраб олинган.
Ушбу кўрсаткичлар аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва рақамли саводхонлигини ошириш, уларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиш ва рақамли хизматлардан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш зарурлигини кўрсатади.
Шунинг учун рақамли муҳитда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини янада кучайтириш лозим. Аввало, рақамли ҳуқуқларни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаш, шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш ва электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур.
Шу билан бирга, онлайн тазйиқ ва киберзўравонликка қарши самарали чоралар кўриш, жабрланганларга тезкор ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш муҳим.
Энг муҳими, рақамли саводхонликни оддий техник кўникма эмас, балки рақамли ҳуқуқий маданият даражасига кўтариш керак. Хотин-қизлар шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, онлайн фирибгарликни таниш, хавфсиз интернетдан фойдаланиш ва ўз ҳуқуқларини рақамли муҳитда ҳимоя қилишни билиши лозим.
Истиқлол бизга ўз тараққиёт йўлимизни танлаш ҳуқуқини берган бўлса, рақамлаштириш ана шу тараққиётни янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. Бир вақтлар биргина хизматдан фойдаланиш учун идорама-идора юришга тўғри келган бўлса, бугун кўплаб хизматларни уйдан чиқмаган ҳолда олиш мумкин. Бу рақамлаштиришнинг инсон ҳаётини енгиллаштирувчи энг муҳим жиҳатларидан биридир.
Демак, рақамлаштириш шароитида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш фақат гендер сиёсати ёки ахборот технологиялари масаласи эмас. Бу Конституцияда белгиланган тенглик, адолат ва инсон қадри принципларини замонавий рақамли маконда ҳам тўлиқ таъминлаш, хотин-қизлар учун янада кенг ва хавфсиз имкониятлар яратишнинг муҳим шартидир.
Наргиза ФАЙЗИЕВА,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.
ЎзА