Рақамли таълим юксалиши
Жиззах вилоятида “InfoTeach — 2026” республика форумининг ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир мамлакат таълим тизимида рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Форумда 600 нафарга яқин информатика фани ўқитувчилари иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар билан яқиндан танишди. Айниқса, Рақамлаштириш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан ташриф буюрган малакали мураббийлар иштирокида ташкил этилган амалий семинарлар тадбир мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Семинарларда педагоглар замонавий дастур ва таълим платформаларидан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект имкониятларини дарс жараёнига татбиқ этиш, шунингдек, стартап лойиҳаларни шакллантириш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлади. Ўзаро фикр алмашувлар эса таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил сифатида намоён бўлди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай форумлар ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва таълим жараёнига инновацияларни жорий этишда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
Тадбир якунида фаол иштирок этган педагоглар ваучерлар, сертификатлар ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди. Бу эса уларнинг изланиш ва янгиликка интилишларини янада рағбатлантиради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири