Рақамли иқтисодиёт шароитида ишлаш — давр талаби
Ўзбекистонда иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнлари изчил давом этмоқда ва бу жараён тадбиркорлик фаолиятини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 2026 йилдан бошлаб ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш мажбурий тус олиши кутилмоқда.
Бу аввало тадбиркорлик субъектлари учун иш юритиш тамойилларини қайта кўриб чиқиш, молиявий ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш ҳамда бизнесни янги талабларга мослаштиришни тақозо этади.
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси мутахассисларининг Зафаробод ва Арнасой туманларига ташрифи давомида ҳам айнан шу масалалар атрофлича тушунтирилди. Учрашувларда қайд этилганидек, яқин вақт ичида барча тўловлар QR-кодлар ва электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Бу ўзгариш тадбиркорлар учун қўшимча ташвиш эмас, балки ҳисоб-китобларни енгиллаштириш, инсон омилини камайтириш ва ортиқча қоғозбозликдан халос бўлиш имкониятини яратади.
Янги тартиб доирасида айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган кичик тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг 1 фоиз миқдорида белгиланиши эса рақамли иқтисодиётга ўтишни рағбатлантирувчи муҳим омил сифатида баҳоланмоқда. Бу айниқса, фаолиятини қонуний асосда кенгайтиришни мақсад қилган тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратади.
Шу билан бирга, электрон ҳисоб-фактуралар ва шартномаларни рақамли тасдиқлаш амалиётининг жорий этилиши бизнес жараёнларида ишонч ва тезкорликни оширади. Эндиликда ҳужжатларнинг СМС орқали тасдиқланиши тадбиркорларнинг вақт тежашига хизмат қилиб, молиявий муносабатларнинг ошкоралигини таъминлайди. Бу эса яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ базасини мустаҳкамлаш ва давлат билан бизнес ўртасидаги ишончни янада оширишга қаратилган.
[gallery-27577]
Мутахассислар таъкидлаганидек, рақамли тизимга ўтиш тадбиркор учун қўшимча мажбуриятлар юклаши билан бирга, унинг фаолиятини ҳимоя қиладиган, хатарларни камайтирадиган ва молиявий интизомни мустаҳкамлайдиган самарали восита ҳамдир. Ҳисоб-китобларнинг тўлиқ автоматлаштирилиши орқали тадбиркор ўз бизнесини барқарор ривожлантиришга кўпроқ эътибор қарата олади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамли иқтисодиёт шароитида ишлаш — бу алоҳида танлов эмас, балки давр талаби. Янги қоидаларга ўз вақтида мослаша олган тадбиркоргина бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, бизнесини янги босқичга олиб чиқа олади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари