Рақамли дунёда хотин-қизлар ўз ўрнини қандай топаяпти?
Бугун пойтахтимизда ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ҳамда ушбу йўналишда фаолият юритаётган хотин-қизлар учун мўлжалланган “Рақамли дунёда хотин-қизлар иштироки ва АТ соҳасидаги имкониятлар” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида иштирокчиларга халқаро таълим грантлари, нуфузли стипендиялар ҳамда “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига ариза топшириш жараёнларининг амалий жиҳатлари ва ғолиблик формулалари атрофлича тушунтирилди.
Мазкур ташаббус мамлакатимизда AT соҳасида хотин-қизларнинг улушини ошириш, уларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва технологик стартаплар ва илмий изланишлардаги улушини ошириш ҳамда халқаро миқёсда Ўзбекистон AТ салоҳиятини намойиш этишга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, сўнгги олти йил давомида АКТ йўналишида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 5 бараварга ошди. Натижада, соҳадаги талабалар умумий таркибида хотин-қизлар улуши 23 фоизга етди. Мамлакатимизда олий таълим тизимида аёллар қамрови эса 40 фоизни ташкил этмоқда.
Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова бугунги кунда хотин-қизларнинг АТ соҳасидаги роли нафақат ижтимоий, балки иқтисодий барқарорликнинг ҳам муҳим омилига айланиб бораётганини таъкидлади.
Инклюзив лойиҳаларни ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Акбаров хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги “Сабрия” лойиҳасининг тақдимотини ўтказиб, унинг мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди.
Семинарнинг иккинчи қисми тўлиқ халқаро ва республика миқёсидаги имкониятлар таҳлилига бағишланди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари хорижий таълим грантларининг энг сўнгги талаблари билан ўртоқлашган бўлса, жамғарма стипендияси соҳибаси, Буюк Британиянинг нуфузли Ридинг университет битирувчиси Жанонахон Бердиева хорижда ўқиш, ҳужжат топшириш ва шахсий ривожланиш йўли ҳақида маъруза қилди.
“Зулфия” мукофотининг 2026 йилги энг ёш совриндорларидан бири, “Янги Ўзбекистон” университети талабаси Севинч Мавлонова ахборот технологиялари йўналиши бўйича ҳужжат топширишда нималарга эътибор бериш лозимлиги ва ўзининг муваффақият формуласи билан ўртоқлашди.
[gallery-29929]
Тадбир якунида иштирокчилар учун интерактив сессия ташкил этилди. Унда фаол иштирок этган хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан махсус эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, А.Алижонов(сурат), ЎзА