“Рақамли дунё” лойиҳасидан кўзланган мақсад нима?
Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида АҚШда таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ҳамда ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди. Унда мамлакатимизда IT соҳасида яратилаётган имкониятлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув давомида ватандошларга ўз стартапларини ривожлантиришлари учун вазирлик томонидан йўлга қўйилаётган “Рақамли дунё” лойиҳасида иштирок этиш, Ўзбекистоннинг “Рақамли технологиялар элчиси” сифатида фаолият юритиш имкониятлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

“Рақамли дунё” лойиҳасининг асосий мақсади хорижда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида IT-амбассадор фаолиятини йўлга қўйиш орқали Ўзбекистоннинг IT соҳасидаги имкониятлари ва яратилган имтиёзлар ҳақида тарғибот ишларини амалга оширишдан иборат.
Шунингдек, хориждаги ватандош ёшларни IT соҳасига кенг жалб этиш, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга илмий таҳлил асосида профессионал маслаҳатлар билан кўмаклашиш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун Рақамли технологиялар вазирлиги ва тизим ташкилотларида амалиёт дастурларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Н.Раҳмонова,
ЎзА